Телефонидаги маълумотларни ўчирган хорижликлар Россияга киритилмаяпти

18:20 | 4 дақиқада ўқилади.

Россия чегарасида телефонидан чатлар, суратлар ёки бошқа маълумотларни ўчириб ташлаган хорижий фуқароларга мамлакатга кириш рад этилмоқда. Бу ҳақда «РИА Новости» суд қарорларига таяниб хабар берди.

Rossiya aeroport

Хусусан, бир ҳолатда фуқарога 5000 дан ортиқ сурат ва видеолар ҳамда бир нечта контактларни ўчиргани учун виза рад этилган. Бошқа ҳолатда эса аёл шахс чати ва YouTube тарихини тозалагани, телефон галереясини бутунлай ўчиргани боис Россияга киритилмаган.

Бу муаммо, аксарият ҳолларда Украина фуқароларига тааллуқли. Бироқ, бошқа давлатлар фуқаролари ҳам тақиққа дучор бўлишмоқда. Россия махсус хизматлари бу ҳаракатни «сиёсий қарашларни яшириш» ва чегара назоратидан олдиндан тайёргарлик кўриш деб баҳоламоқда. Агентлик камида 10 та шундай ҳолатни аниқлади.

Украина фуқаролари Россияда яшовчи яқин қариндошлари борлигини айтиб суд орқали қарорни қайта кўриб чиқишга ҳаракат қилган, аммо уларнинг барча апелляциялари рад этилган.

Россия ҳукумати Украина фуқаролари учун кириш тартибини 2022 йилдан сўнг анча кучайтирди. 2023 йил октябридан бошлаб улар фақат Москвадаги Шереметйево аэропорти ва Латвия билан чегарадош «Лудонка» автомобиль пункти орқали ўтишлари мумкин. Бу чекловлар Россия аҳолисини «геосиёсий шароитда хавфдан ҳимоя қилиш» зарурати билан изоҳланган.

Шу билан бирга, Латвия «Лудонка» пунктнинг ўз томони — «Виентули»ни зудлик билан ёпган, чунки у ерда навбатлар тўпланиши ва хавфсизликка таҳдид туғилиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Натижада, ҳозирда Украина фуқаролари Россияга фақат Шереметйево аэропорти орқали кира олади. Бироқ уларни у ерда кенг қамровли сўроқ ва текширувлар кутади. The Moscow Times таҳлилига кўра, «Отказники Шереметйево» номли телеграм-чатда украиналиклар учун 20 дан 50 йилгача Россияга кириш тақиқланган ҳолатлар кенг тарқалмоқда. Бундан ташқари, Беларус ҳам ўз ички маълумотлар базасини ФСБ билан мувофиқлаштиргани боис, амалда бу тақиқ у ерга ҳам тааллуқли ҳисобланади.