Ўзбекистон мамлакат бренди энг тез ўсаётган мамлакатлар учлигига киритилди

10.06.2025 20:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Brand Finance’нинг Global Soft Power Index 2025 ҳисоботига кўра, Ўзбекистон дунёда мамлакат бренди энг тез ўсаётган ТОП 3 давлат қаторига кирди. Бу натижа мамлакатдаги кенг кўламли ислоҳотлар ва халқаро нуфузнинг ортиши билан изоҳланмоқда.

Yangi o'zbekiston

Global Soft Power Index 2025 ҳисоботига кўра, Ўзбекистон мамлакат бренди энг тез ўсиб бораётган учта давлатдан бири сифатида қайд этилди. Ушбу рейтинг дунё миқёсидаги нуфузли Brand Finance ташкилоти томонидан эълон қилинди.

Рейтингдаги юқори натижалар мамлакатдаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларда амалга оширилаётган комплекс ислоҳотлар самараси сифатида баҳоланмоқда. Мамлакат брендининг ўсиши фақат ташқи сиёсат билан эмас, балки ички ислоҳотлар, жамиятдаги фаол ўзгаришлар ва инсон капиталини ривожлантириш орқали ҳам таъминланади.

Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистон халқаро майдонда ўз позициясини мустаҳкамлаётган, нуфузли платформаларда ўз овозини фаол эшиттираётган ва хорижий инвесторлар учун тобора жозибали мамлакатга айланиб бораётган давлат сифатида эътироф этилган.

Brand Finance қайд этишича, 2025 йилги кўрсаткичлар мамлакатнинг «юмшоқ куч» салоҳияти ортиб бораётганини, унинг халқаро имижи мустаҳкамланаётганини кўрсатади. Бу натижа мамлакатни минтақавий ва глобал даражада рақобатбардош этувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади.