БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармаси 2025 йил 12 июн куни эълон қилган «Глобал тенденциялар» ҳисоботида қайд этилишича, дунё бўйлаб мажбурий кўчирилган шахслар сони 122,1 миллионга етган. Бу кўрсаткич ўтган йил охирига нисбатан 1,1 миллионга камайган. Камайиш асосан Суриядаги вазиятнинг маълум даражада барқарорлашгани билан изоҳланмоқда, деб ёзмоқда Deutsche Welle.
Мажбурий кўчирилганларнинг катта қисми — тахминан 60 фоизи ўз мамлакатлари ичидаги низолардан қочмоқда. Судандаги урушлар туфайли 14,3 миллион киши ўз жойини тарк этган. Кейинги ўринларда Сурия (13,5 млн), Афғонистон (10,3 млн) ва Украина (8,8 млн) турибди. Россиянинг Украинага қарши уруши натижасида юзага келган кўчиш оқими ҳозирги пайтда тўртинчи ўринда ҳисобланмоқда.
Чет элга қочганларнинг катта қисми қўшни давлатларда бошпана топмоқда. БМТ маълумотларига кўра, барча қочқинларнинг 73 фоизи ўрта ёки паст даромадли мамлакатларда яшамоқда. Қолган 23 фоизи эса дунёнинг энг камбағал минтақаларида истиқомат қилмоқда.
БМТнинг Қочқинлар бўйича раҳбари Филиппо Грандининг айтишича, «замонавий урушлар инсон ҳаётига чуқур таъсир кўрсатмоқда, аммо молиявий кўмак ҳануз 2015 йилдаги даражада қолмоқда». Унинг сўзларига кўра, молиявий етишмовчилик шароитида икки бараварга ортган муҳожирлар оқими халқаро ёрдам тизимини жиддий синов олдида қолдирмоқда.
Тэглар:
SEO title:
Meta description: