«Суд-пуд демасдан, ичидаги одамлари билан бузиб, кўмиб ташлайсан» — Бухоро ҳокими
Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов хусусий боғча ичидаги ноқонуний қурилмаларни суд қарори бўлмасдан бузишни, ҳатто «ичидаги одамлари билан кўмиб юбориш»ни талаб қилган видеоси тарқалмоқда. Видеода ҳоким ҳужжатсиз фаолият юритаётганларни кескин чоралар билан тўхтатишни буюрган.
«Боғча ҳудудига кирганларни ҳаммасини ҳуқуқий ҳужжатларини кўтарасан. [Ҳужжати] йўқларини ҳеч кимни эшитмасдан бузасан, суд-пуд демасдан бузиб ташлайсан. Бугунни ўзида бузиб ташлайсан, нарсалари билан, ичидаги одами билан кўмиб ташлайсан. Бўлди энди, суд-пуд деб ҳаммасини эркалатганимиз», деган Ботир Зарипов ёнидаги масъулларга.
Россия Ўзбекистонда бир эмас нақ иккита АЭС қурмоқчи
Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси Ўзбекистонда икки турдаги атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга оширади. Энди ҳам кичик, ҳам катта қувватли атом электр станцияларини қуриш режалаштирилмоқда.
«Росатом» раҳбари Алексей Лихачёвнинг сўзларига кўра, компания 2026 йилга қадар, ёки ундан аввалроқ кичик АЭС қурилиши учун бетон қуйиш ишларини бошлашни режалаштирмоқда. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон томонидан молиялаштирилади, Россия томонидан қарз ажратилиши масаласи муҳокама қилинмаган.
«Нони яримта бўлганлар». Энди ҳайдовчилар авторақами олинган ҳудуддагина таксичилик қила олади
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, энди ҳайдовчилар фаолиятини лицензия варақаси кўрсатилган ҳудудда ёки унга туташ ҳудуддагина амалга ошира олади. Ижтимоий тармоқларда бу хабар катта муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлмоқда. Фаоллар жорий қилинган янги тартиб-қоидани Конституцияга зид деб баҳолашяпти.
Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев бу қарорни ими-жимида қабул қилинганини ёзди. Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов эса агар қарордан мақсад Тошкент йўлларида тирбандликни камайтириш бўлса, бу ечим иш бермаслигини билдирди. Яна бир иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров қарор пала-партиш равишда қабул қилинганини айтмоқда.
Octobank Humans’га қарши даъво аризаси
«Octobank» АЖ «Humans» МЧЖ билан ўзаро ҳисоб-китоблар ҳамда молиявий сервис доирасидаги барча операцияларни 2025 йил 13 июн куни соат 18:00 дан бошлаб тўхтатишини расман маълум қилди.
Банк бу қарорни «Humans» томонидан шартномавий мажбуриятларни мунтазам равишда бузиши ва хизматлар учун тўловларни кечиктириши билан изоҳламоқда. Шу муносабат билан «Humans Visa» кобрендинг банк карталари бўйича операциялар тўхтатилади.
«Octobank» мижозларга мурожаат қилиб, карталардаги пул маблағлари «Humans»нинг автоматлаштирилган ҳисоб тизимидаги шахсий ҳисобварағларга ўтказилганини ва уларни қайтариш учун «Humans»га тўғридан тўғри мурожаат қилиш зарурлигини эслатди.
Ўзбекистонда Volkswagen автомобиллари ишлаб чиқарилади
Германиянинг йирик автоконцерни «Volkswagen» «Ўзавтосаноат» таркибидаги «Alyans Auto» билан ҳамкорликда Ўзбекистонда автомобиллар ишлаб чиқаришни бошлашини маълум қилди.
Янги келишувга кўра, Ўзбекистонда SKD форматида — яъни, бутловчи қисмларни йирик узеллар асосида йиғиш технологияси бўйича автомобиллар ишлаб чиқарилади. Таркибий қисмлар «Volkswagen»нинг Хитойдаги ишлаб чиқариш базасидан етказиб берилади. Бу компанияга логистика харажатларини қисқартириш ва углерод изини камайтириш имконини беради.
Хорижий инвесторларнинг Ўзбекистон бозорига қизиқиши пасайган
Иқтисод фанлари доктори, профессор Тўлқин Бобоқулов Ўзбекистондаги инвестицион муҳит ҳақида танқидий фикр билдирди.
Унга кўра, сўнгги йилларда хорижий инвесторларнинг мамлакат бозорига қизиқиши пасайган. Сўмнинг қадрсизланиши ва ташқи савдо тақчиллиги хорижий сармоядорларнинг қизиқишини сусайтирган. Қашқадарёдаги йирик лойиҳалардан бири — GTL заводи самарасиз бўлган. Экспорт географияси ҳам чекланган, бу эса қўшимча хавф омиллари сифатида баҳоланмоқда.