Аёллар учун энг яхши шароит яратилган учта давлат — Скандинавияда

13.06.2025 09:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Янги тадқиқотга кўра, 2025 йилда аёллар учун меҳнат ва ҳаёт шароитлари энг яхши бўлган мамлакатлар — Дания, Финландия ва Швеция. Бу давлатлар гендер тенглигида Европа бўйича етакчи ҳисобланади.

Scandinavian

CasinooftheKings компанияси томонидан ўтказилган сўнгги таҳлилда Европанинг 16 давлатида аёллар учун яратилган иқтисодий ва ижтимоий шароитлар ўрганилди. Тадқиқотда Евростат, OECD (Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти), Халқаро меҳнат ташкилоти ва Европа гендер тенглиги институти маълумотларидан фойдаланилган.

Баҳолашда 10 та асосий кўрсаткич ҳисобга олинган, жумладан, иш ҳақидаги гендер тафовути ва аёллар томонидан банк ҳисоб рақамларига эгалик қилиш даражаси.

Рейтингда Дания 83 балл билан биринчи ўринни эгаллади. Бу ерда иш билан бандликдаги тафовут жуда кам ва аёлларга 18 ойлик декрет таътили берилади. Финландия 80 балл билан иккинчи ўринда, у аёл тадбиркорлар сони бўйича юқори натижа қайд этган. Аммо декрет таътили ва иш ҳақидаги тафовут бўйича у Даниядан ортда қолган.

Швеция эса 79 балл билан учинчи ўринни эгаллади. Мамлакат раҳбар лавозимлардаги аёллар сони камлигига қарамай, иш ҳақи бўйича тафовут 7,3 фоизни ташкил этган. Бу — Скандинавия давлатлари учун нисбатан яхши кўрсаткич.

CasinooftheKings таъкидлашича, ушбу мамлакатлар гендер тенгликда юқори натижага эришган, чунки улар аёлларни қўллаб-қувватлаш учун яхлит ижтимоий сиёсат юритмоқда. Масалан, декрет таътили, иш ҳақи очиқлиги каби механизмлар орқали аёллар ҳаётида сезиларли ўзгаришларга эришилган.

Италия (52 балл) ва Греция (56 балл) рейтингнинг энг паст қисмида жой олди. Италияда иш билан бандликдаги гендер тафовути энг катта. Францияда иш ҳақидаги тафовут 22,2 фоизни ташкил этган — бу рейтингдаги энг юқори кўрсаткич.