«Боғчани бузиш ҳақида»ги видео нотўғри талқин қилинди — Бухоро вилояти ҳокимлиги

13.06.2025 10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода вилоят ҳокими Ботир Зарипов оғзидан янграган «бузиб ташла» сўзи хусусий боғчага эмас, давлат боғчаси ҳудудидаги ноқонуний қурилмага нисбатан айтилган, дейилади расмий раддияда.

Botir zaripov

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги ишчи гуруҳ шу йилнинг 22 май куни 1961 йилда қурилган, 140 ўринли 2-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида олиб борилаётган капитал таъмир ишларини ўрганди. Шу вақтда ҳоким таъмирлаш жараёнларини жадаллаштириш юзасидан масъулларга топшириқлар берган.

Ўрганиш чоғида боғча ҳудудидаги ноқонуний ҳолатлар, жумладан, овқатланиш шохобчаси эгаси томонидан рухсатсиз очилган кириш-чиқиш йўлаги, юқори кучланишли трансформаторнинг хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги ҳақида танқидлар билдирилган. Айни видеодаги «бузиб ташла» сўзи ана шу ноқонуний йўлакка нисбатан айтилган.

Вилоят ҳокимлиги таъкидлашича, бу ишда асосий мақсад — боғчага қатнаётган болалар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда келиб чиқиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўлган.

Оммавий муҳокамаларда бу сўзлар «хусусий боғчани бузиш»га доир кўрсатма сифатида нотўғри талқин қилинган. Вилоят ҳокимлиги бу фикрни рад этиб, ҳеч қандай ноқонуний бузиш ишлари амалга оширилмаганини маълум қилмоқда.

Масала бўйича шахар ҳокимининг ўринбосарига интизомий чора кўрилган, ноқонуний йўлак бартараф этилган. Бундай ҳолатларни бартараф этиш бошқа муассасаларда ҳам давом эттирилади.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ОАВ ва блогерлар билан доимий ҳамкорликка тайёрлигини билдирган.