Исроилнинг Эронга ҳужумидан сўнг баьзи авиакомпаниялар парвозларни тўхтатди

13.06.2025 11:20 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йил 13 июн куни Исроил Эронга нисбатан ҳарбий амалиёт бошлаганидан сўнг, бир қатор давлатлар ҳаво ҳудудини ёпди, авиакомпаниялар эса парвозларни бекор қилиш ва бошқа йўналишларга йўналтиришга мажбур бўлди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

Eron aviyakompaniya

Flightradar24 маълумотларига кўра, Исроил, Эрон ва Ироқ ҳаво ҳудудлари устидан парвозлар тўхтатилган. Тел-Авивдаги Бен Гурион аэропорти вақтинча ёпилди. Эрон ҳам ўз ҳаво ҳудудини номаълум муддатга ёпганини расмий равишда маълум қилди. Шу билан бирга, Ироқ эрталаб ўз ҳаво маконини ёпиб, барча аэропортларда ҳаракатни тўхтатди.

Эрон ва Ироқ ҳудудлари орқали ўтадиган йўналишлар жаҳондаги энг зич парвоз йўлларидан бири ҳисобланади. Бу ҳаво йўналишлари Осиёдан Европага учувчи кўплаб рейслар учун муҳим аҳамиятга эга. Aвиақатновлар Саудия Арабистони ва Марказий Осиё орқали йўналтирила бошланди.

Emirates, Lufthansa ва Air India авиакомпаниялари муаммоли ҳудудлар устида учаётган бир пайтда, расмий изоҳ бермаган. Emiratesнинг Манчестер–Дубай рейси Истанбулга йўналтирилган, flydubai’нинг Белграддан учган рейси эса Ереванга қўнган.

Flydubai авиакомпанияси Амман, Бейрут, Дамашқ, Эрон ва Исроилга рейсларни тўхтатганини маълум қилди. Бошқа бир қатор рейслар бекор қилинди, қайта йўналтирилди ёки учиш нуқтасига қайтарилди.