Ўзбекистон ва Уммон Султонлиги ўртасида иқтисодий ҳамкорлик кенгаймоқда

13.06.2025 13:40 | 2 дақиқада ўқилади.

12 июн куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Уммон Султонлиги ўртасидаги савдо, саноат ва инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган қатор тадбирлар бўлиб ўтди. Учрашувлар доирасида икки мамлакат вазирлари ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб олишди.

Ummon

Ҳукуматлараро комиссиянинг 5-йиғилишида мавжуд келишувлар кўриб чиқилди ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ чоралар белгиланди. Шунингдек, бизнес-форум ташкил этилди ва унда икки мамлакатдан 50 дан ортиқ компания иштирок этди. Форумда ахборот технологиялари, таълим, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларидаги инвестиция лойиҳалари тақдим этилди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Уммоннинг савдо, саноат ва инвестициялар бўйича вазири Қайс бин Муҳаммад бин Мусо ал-Юсуф ўртасидаги музокаралар ҳам шунга қўшилди. Унда ўзаро савдо ҳажмини ошириш, янги кооперация йўналишларини аниқлаш ва инновацион лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Бизнес-форум якунида B2B ва B2G форматларида учрашувлар ўтказилди. Унда тадбиркорлар ўзаро алоқалар ўрнатиб, амалий ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашишди. Мулоқот якунларига кўра Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши баённомаси имзоланди.

Бу тадбирлар Ўзбекистон ва Уммон ўртасидаги иқтисодий муносабатларни янада кенгайтириш ва амалий лойиҳаларга асосланган ҳамкорликни фаоллаштиришда муҳим босқич бўлди.