Оятуллоҳ Хоманаий Исроилга қаттиқ жавоб бериш билан таҳдид қилди

13.06.2025 13:20 | 3 дақиқада ўқилади.

13 июн куни Исроил томонидан Эрон ҳудудидаги ҳарбий ва ядровий объектларга ҳаводан зарбалар берилганидан сўнг, Эроннинг Олий раҳбари Оятуллоҳ Хоманаий буни мамлакатга қарши жиноят, деб баҳолаб, Исроилга «жуда қаттиқ жазо» ваъдаларини берди.

Eron rahbari

Хоманаийга кўра, «сионистик режим бу ҳужуми орқали ўзининг разил моҳиятини яна бир бор намоён қилди». Унинг таъкидлашича, Исроил ўз қилмишлари учун «ачинарли тақдирга тайёр туриши лозим». Бу ҳақда Эроннинг расмий ОАВлари хабар тарқатди.

Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) маълум қилишича, 13 июнга ўтар кечаси 200 та ҳарбий самолёт иштирокида Эрон ҳудудидаги 100 дан ортиқ ядровий ва ҳарбий объектларга зарбалар берилган. Ҳужумни «профилактик» деб атаган ЦАХАЛ бу билан Теҳрон ядровий қурол яратишига йўл қўймасликка интилаётганини билдирган.

Эрон расмийларининг маълумотича, ушбу зарбалар оқибатида Эрон Қуролли Кучлар бош штаби раҳбари Муҳаммад Боқирий, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (КСИР) қўмондони Ҳусейн Салами ва таниқли ядровий олимлар Ферейдун Аббаси-Давони ҳамда Муҳаммад Меҳди Теҳрончий ҳалок бўлган. Аятолла Хоманаийнинг маслаҳатчиси Али Шамхони оғир жароҳат олгани қайд этилган.

Хоманаий ўз нутқида ҳалок бўлганларни «шаҳидлар» деб атади. Уларнинг ўлими ортидан КСИР раҳбариятида ўзгаришлар амалга оширилди: ТАСС агентлиги манбаларига кўра, Боқирийнинг ўрнига Ҳабибуллоҳ Сайярий ва Салами ўрнига генерал Аҳмад Ваҳидий тайинланган.

КСИР мутасаддилари Исроилга интиқом бериш ниятида эканини маълум қилган. Эрон Қуролли Кучлари Бош штаби вакили Абулфазл Шакарчи Исроил «жуда қаттиқ жавоб» олиши ҳақида огоҳлантирди. Шу билан бирга, Исроил бош штаби раҳбари Эял Замир мамлакат аҳолисини эҳтимолий интиқом зарбаларидан хабардор қилди.