Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғидаги баёнотида Эронга бир неча бор келишувга эришиш имкониятини берганини, аммо Теҳрон ҳалигача бундан фойдалана олмаганини қайд этди. У ўз сўзларида Эронни «ҳар қандай кутилгандан ҳам ёмонроқ оқибатлар» кутаётганини таъкидлади.
Трампнинг таъкидлашича, АҚШ дунёдаги энг замонавий ва ҳалокатли ҳарбий техникага эга бўлиб, Исроилда ҳам шундай қуроллар бор ва улар бу қуроллардан фойдаланишни жуда яхши билади. У Эрон раҳбариятини вақтни бой бермасдан, ядро дастури бўйича келишувга келишга чақирди.
«Баъзи эронлик радикаллар жасорат билан гапиришганди, лекин улар нима бўлишини билмасди. Энди уларнинг барчаси йўқ қилинди. Бу ҳали бошланиши. Кейингилари янада шафқатсиз бўлади», — деб ёзди Трамп.
Унинг сўзларига кўра, аллақачон катта йўқотишлар ва вайронагарчиликлар юз берган. Аммо ҳозирча можарони тўхтатиш учун имконият сақланиб турибди. Президентнинг бу баёноти Эрон билан эҳтимолий ҳарбий кескинлик кучайишига ишора сифатида қабул қилинмоқда.
The Times of Israel нашрига кўра, Трамп Исроилнинг Эронга авиаҳужумларини «ниҳоятда ажойиб» деб атади ва Теҳронни кеч бўлмасидан келишув тузишга чақириб, акс ҳолда янада кескин жавоб қайтарилишини яна бир бор таъкидлади.