Эронда ҳужумга учраган ядро объектида ташқи радиация даражаси ўзгармаган — АЭХА

14.06.2025 14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Исроилнинг Эрондаги ядро иншоотларига ҳужуми ортидан Натанздаги объектда асосан алфа зарралари аниқланган, бироқ АЭҲА маълумотларига кўра, радиация ташқи муҳитга тарқалмаган.

Grossi

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) раҳбари Рафаэл Мариано Гросси Эроннинг Натанз ядро объектида юзага келган вазият бўйича баёнот берди. Унинг таъкидлашича, иншоотда аниқланган радиоактив ифлосланиш асосан алфа зарраларидан иборат бўлиб, уларни махсус воситалар орқали назорат қилиш мумкин. Шу билан бирга, объект ташқарисидаги радиация даражаси ўзгармаган.

13 июн куни эрталаб Исроил армияси Эроннинг Теҳрон, Табриз, Луристон, Кирмоншоҳ шаҳарлари ҳамда Исфаҳон вилоятида жойлашган Натанз ядро марказига кенг кўламли ҳаво ҳужумлари уюштирди. Ҳужумлар натижасида Эрон Қуролли Кучлари Бош штаби раҳбари Муҳаммад Боқирий, унинг икки ўринбсарлари — Ғуломризо Меҳробий ва Меҳди Раббоний, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) қўмондони Ҳуссайн Саломий, «Ҳотам ул-Анбиё» марказий қўмондонлик раҳбари Ғуломали Рашид, ИИМК ҳаво-ҳарбий кучлари раҳбари Али Ҳожизода ҳамда 6 нафар ядро олимининг ҳалок бўлгани маълум қилинди.

Теҳрондаги ҳужумлар оқибатида фуқаролар ўртасида ҳам катта йўқотишлар бўлгани хабар қилинмоқда. Ўлганлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор. Исроил армияси баёнотига кўра, ҳужумларда 200 та ҳарбий самолёт иштирок этган. Ўз навбатида, Эрон ҳам жавоб тариқасида Исроил ҳудудига дронлар ва ракеталар йўллаган.

Исроил бош вазири Биньямин Нетаняҳу ҳужумлар хавф бартараф этилмагунча давом этишини маълум қилди. Шу муносабат билан мамлакат мудофаа вазири Исраэл Кац Исроилда умуммиллий фавқулодда ҳолат жорий қилинганини эълон қилди.