Ижтимоий тармоқларда эса ким сувдан нотўғри фойдаланиш ҳолатини видеога олиб хабар берса, мукофот олиши ҳақида хабарлар тарқалди. Бу янгилик аҳоли орасида янада хавотир уйғотди.
Сув хўжалиги вазирлиги тушунтириш беришича, 7 июндан кучга кирган Вазирлар Маҳкамасининг янги қарорига кўра, мукофот пуллари фақат қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш қоидаларини бузган ҳолатларни аниқлаш учун белгиланган. Масалан, каналлар ва дренаж тизимларидан рухсатсиз сув олиш, ноқонуний насос ўрнатиш ёки суғориш сувини белгиланмаган мақсадларда ишлатиш каби ҳолатлар назарда тутилган.
Янги тартибга мувофиқ, жисмоний шахслар юқорида санаб ўтилган ноқонуний ҳаракатларни тасдиқловчи фото ёки видео материалларни 48 соат ичида v-nadzor.gov.uz сайтига юборишлари мумкин. Агар бу ҳолат тасдиқланса, мурожаат қилувчи шахсга жарима суммасининг 25 фоизи миқдорида мукофот тўланади.
Масала юзасидан «Тошкент шаҳар сув таъминоти» АЖ ҳам расман изоҳ берди.
«Белгиланган меъёрларнинг ҳеч бирида айнан бассейн учун ичимлик сувидан фойдаланиш бўйича тақиқ йўқ. Фақат ҳисоблагич бор хонадонларда тунги вақтда бассейларни тўлдириб олиш тавсия этилади», дейилади корхона расмий муносабатида.
Қонунчиликка кўра, ичимлик сувидан машина ювиш, боғ суғориш ёки бассейн тўлдириш мумкин, фақат бу ишлар соат 00:00 дан 05:00 гача бўлган вақт оралиғида бажарилиши шарт. Ушбу қоидага риоя қилинса, сув назорати инспекторлари томонидан жарима солинмайди.
Мутахассислар бассейн тўлдириш жараёнини видеога олиб, унинг вақти ва ҳажмини аниқ белгилаб қўйишни маслаҳат беришмоқда. Бу ҳолатда кимдир шикоят қилса, фуқаро ўзини оқлаб бера олади.
Айни вақтда сувнининг ҳисобини олмай фойдаланганлар катта миқдорда тўловга дуч келишлари мумкин. Агар уйда сув ҳисоблагич ўрнатилмаган бўлса, тўлов махсус формула асосида аниқланади ва қимматроқ бўлиши мумкин. Шунинг учун истеъмолни ҳисоблаб бориш учун сув ҳисоблагич ўрнатиш тавсия этилади.
Шу билан бирга, Фейсбукдаги «Истеъмолчи» гуруҳи иштирокчилари сув харажатини камайтириш бўйича лайфхаклар билан ўртоқлашишди. Улар, жумладан, бассейндаги сувни ҳар ой эмас, камида ҳар икки-уч ойда бир марта алмаштириш учун махсус кимёвий воситалардан фойдаланишни тавсия этишди.
Ёш болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, болалар омбудсмани барча вилоятларда сунъий ёки табиий хавфсиз сув ҳавзалари ташкил этиш ташаббуси билан чиққан.