Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси манбааларига кўра, олий раҳбар Алий Хоманаий Исроилга «қатъий ва энг кучли зарба» беришни талаб қилган. Жумладан, «сионистик тузилма»га нисбатан 1000 та баллистик ракета учириш режалаштирилган. Бироқ бу улкан режа амалга ошмади. Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эрондаги асосий ракета базалари, ҲҲҲ тизимлари ва омборларига олдиндан зарба бериб, Теҳроннинг йирик қарши ҳужум имкониятларини фалаж қилди.
Натижада, Эрон биринчи зарбада бор-йўғи 100 га яқин ракета учирди, шу туннинг ўзида яна бир нечта чекланган ҳужум амалга оширилиб, Исроилда бир нечта бинолар вайрон қилинди. The New York Times эълон қилган ички мулоқот фрагментларида Эрон расмийлари орасидаги ҳайрат ва ғазаб ҳолати намоён бўлади. Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишида қатнашганлардан бири риторик савол берган: «Исроил келиб, хоҳлаганини уриб, қўмондонларимизни ўлдира олади, нега биз уни тўхтата олмаймиз?..» — деб ёзмоқда haqqin.az.
Эрон раҳбариятининг реакцияси Исроил ниятларини баҳолашда жиддий хатоларга йўл қўйилганини кўрсатади. Теҳронда «сионистик режим» 15 июн куни АҚШ билан Уммонда бўладиган музокаралар олдидан ҳужумга ўтмайди, деган ишонч ҳукм сурган. Эрон стратегиячилари Исроилнинг огоҳлантиришларини психологик босим деб баҳолаб, асосий объектларни ҳимоя қилиш бўйича зарур чораларни кўрмаган.
Али Хоманаий олдидаги сиёсий иккиланиш
Миллий хавфсизлик кенгаши муҳокамаларида рахбар – Али Хоманаий олдида турган сиёсий танлов мавзуси кўтарилди: Исроилга жавоб зарбаси бериш орқали АҚШ билан тўлақонли уруш хавфини қабул қилиш ёки эҳтиёткорлик кўрсатиш. Иккинчи йўл мамлакат ичида заифлик деб баҳоланиши мумкин эди. Юқори лавозимдаги амалдорлардан бири Хоманаийни огоҳлантириб, кенг кўламли зарба Эрон инфратузилмасига катта талафот келтириши ва ички норозиликларга туртки бўлиши мумкинлигини айтди.
Режим учун яна бир зарба — «Қудс» кучлари қўмондони генерал Исмоил Қоонийнинг ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар бўлди. Бу маълумот ҳали расман тасдиқланмаган, аммо Эрон манбаларда фаол муҳокама қилинмоқда.
Ғарб таҳлилчиларига кўра, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари ўз ҳудудидан ташқаридаги энг йирик амалиётлардан бирини ўтказди: Ғарбий Эрон ва Теҳрон атрофидаги ўнлаб нишонлар уриб туширилди. Ҳужумлар ҲҲҲ тизимлари, қурол-аслаҳа омборлари ва авиабазаларга қаратилган. Айниқса, Теҳрон яқинидаги халқаро аэропортга қилинган рейд эътиборга лойиқ — у ерда эски қирувчи учоқлар ва арсеналлар сақланарди. Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони генерал-майор Тумар Барнинг таъкидлашича, операциянинг мақсади тўлиқ ҳаво устунлигини ўрнатиш бўлган: «Уруш бошланганидан бери биринчи марта Исроил ҳарбий ҳаво кучлари қирувчи самолётлари Теҳрон осмонида, Исроилдан 1500 километрдан зиёд масофада ҳеч қандай тўсиқсиз парвоз қилди», — деган у.
Эрон экзистенциал танлов остонасида турибди
Охирги воқеалар Эроннинг юқори технологияли ҳаводан ҳужумлар олдидаги нўноқлигини очиб берди. Гап йўқотилган тизимлар ёки қурбонлар ҳақида эмас, балки Ислом Республикасининг стратегик тайёргарлиги — разведка ва сиёсий башоратдаги камчиликлари ҳақида бормоқда. The New York Times нашри таърифлаган шок ва парокандалик мамлакат сиёсий-ҳарбий элитасида жиддий инқироз бошланганидан далолат бериши мумкин.
Агар зиддият эскалация йўлида давом этса, Эрон олдида икки йўл қолади: Исроил ва эҳтимолий АҚШга қарши узоқ курашга тайёргарлик кўриш ёки оғриқли ён беришлар эвазига деэскалацияга интилиш.
Бироқ сиёсий элитага етказилган маънавий зарба ва асосий ҳарбий раҳбарларнинг йўқотилиши шароитида бу икки йўлнинг ҳеч бири осон кўринмаяпти.
Теҳрон Исроил 15 июн, якшанба кунига белгиланган АҚШ билан ядро музокаралари олдидан ҳужум қилади, деб кутмаган деб ёзмоқда The New York Times ўз манбаларга таяниб.
Уларнинг маълумотига кўра, Эрон музокаралар самарасиз якунланса, Исроилга қарши ҳаракатлар режасини ишлаб чиққан. Бироқ Ислом Республикаси раҳбарияти Исроил зарбалари ҳақидаги огоҳлантиришларни Теҳронга босим ўтказиш учун қилинган сиёсий шантаж деб қабул қилган.
Натижада ҳужум олдидан зарур эҳтиёт чоралари кўрилмаган. Масалан, ҳарбий қўмондонлар ўзига хос хавфсизлик иншоотларига жойлашмаган, ўз уйларида бўлишган. Шунингдек, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳаво-ҳужум кучлари қўмондони Амир Алий Ҳожизода ва бошқа юқори лавозимли ҳарбийлар бир нуқтада йиғилиш бўйича тақиқни инкор этиб, ҳарбий база ҳудудида учрашув ўтказаётган пайтда Исроил зарбаси билан ҳалок бўлган.
BBC таъкидлашича, Исроилнинг бу зарбаси ўтган йили амалга оширилган икки ҳарбий амалиётдан ҳам кенгроқ ва қаттиқроқ бўлган. Бу нафақат ракет базаларига берилган зарбалар орқали Эроннинг жавоб бериш имкониятини чеклаш, балки сиёсий раҳбариятни жисмонан йўқ қилиш мақсадини ҳам кўзлаган.
BBC ёзишича, «Ҳизбуллоҳ» етакчилари йўқ қилинганидаги стратегия каби, бу ҳам муассаса қудратига катта зарба берди ва жавоб бериш салоҳиятини пасайтирди.
Операциянинг дастлабки соатларида Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси раҳбари Ҳусайн Саломий ва бир неча етакчи ядровий олимлар ўлдирилган. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг айтишича, операция бир неча кун давом этиши мумкин.
15 июн куни Теҳрон ядро дастури бўйича АҚШ билан музокараларнинг олтинчи босқичини бошлаши керак эди. Музокараларда қандай муваффақиятга эришилгани ҳақида турлича фикрлар мавжуд.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу эса шундай хулосага келган бўлиши мумкинки, бу келишувнинг олдини олиш учун энди ҳаракат қилиш вақти келди. У ва маслаҳатчилари Исроилга таҳдид солаётган кучлар — Эрон, унинг минтақавий иттифоқчилари ва айниқса «Ҳизбуллоҳ» — энди унчалик хавфли эмас, деб ҳисоблаган бўлиши мумкин.
«Яқин соатлар ва кунлар шунга ойдинлик киритади: Исроил ҳақиқатдан ҳам тўғри баҳоладими, ёки жуда хатарли хатога йўл қўйдими», — деб ёзади нашр.