Эрон расмийлари Исроилга «ахборот ёрдами» учун ўлим жазоси билан таҳдид қилмоқда

14.06.2025 19:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Эронда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) ахборот тарқатиш фаолиятини кескин чеклаб, Исроил манфаатига хизмат қиладиган ҳар қандай хабар ёки ҳамкорлик ўлим жазоси билан жазоланишини эълон қилди. Бу баёнот маҳаллий ва халқаро журналистлар фаолиятини жиддий хавф остига қўяди.

Iran press

Эроннинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси шанба куни эълон қилган баёнотида мамлакатда ахборот тарқатиш бўйича қонунлар янада қатъийлаштирилаётгани маълум қилинди. Унга кўра, Исроилга манфаат келтириши мумкин бўлган ҳар қандай ахборот алмашинуви ёки ахборот тарқатиш фаолияти ўлим жазоси билан жазоланади.

Баёнотда айтилишича, «Моссад» ёки Исроил билан расмий ёки норасмий равишда ахборот алмашиш, улар билан ҳамкорлик қилиш ёхуд Исроилни қўллаб-қувватловчи, тарғиб этувчи ва унинг мавжудлигини оқлайдиган ҳар қандай медиа ёки маданий фаолият жиноят сифатида баҳоланади. Мазкур баёнот «Сионистик режимга қарши ҳаракатлар тўғрисидаги қонун»нинг бир нечта моддаларига таянилган ҳолда эълон қилинди.

Euronewsʼнинг форс тилидаги бўлими раҳбари Бабак Камиёрнинг таъкидлашича, ИИМК эълон қилган ушбу баёнот маҳаллий журналистика фаолиятини тўлиқ сукунга олиб келади. Унинг сўзларига кўра, «максимал жазо» деган ибора мамлакатдаги воқеликда ўлим жазосини англатади.

Камиёр халқаро ОАВ учун ҳам вазият оғирлашишини қайд этди. Айни пайтда Эрондаги кўпгина халқаро ОАВ ходимлари ички манбаларга таянган ҳолда иш олиб боришади. Янги таҳдидлар эса уларнинг фаолиятини ҳам жиддий чеклаши мумкин.

Мутахассислар фикрича, мамлакат ичида ахборот назорати олдиндан ҳам юқори даражада бўлган. Аммо янги баёнот ортидан, бу чекловлар янада кучайиб, мустақил ёритиш имконияти деярли йўққа чиқади.