Трампнинг тинчликпарвар имижи хавф остида — Исроилнинг зарбалари ортидан унга нисбатан танқидлар кучайди

20:00 | 11 дақиқада ўқилади.

Доналд Трамп ўтган йили АҚШ президентлик сайловини тинчлик ўрнатиш ваъдаси билан ютган эди. Энди эса Америка Исроил ва Эрон ўртасидаги янги урушга тортиб кетилиши хавфи остида турган бир пайтда, бу ваъда ортиқча бўлиб кўринмоқда.

Trump maga

Сайловолди кампанияси чоғида Трамп Ғазодаги можарони осон ҳал қилиши, Эроннинг ядровий дастурини дипломатик йўл билан тўхтатиши ва Россия билан Украина ўртасидаги урушни президентликка киришганидан сўнг 24 соат ичида тугатиши мумкинлигини айтган эди.

Ноябрдаги ғалаба нутқида у шундай деган эди: «Улар ʻу уруш бошлайдиʼ, дейишди. Лекин мен уруш бошламайман, урушларни тўхтатаман».

Бу ғоя АҚШнинг ўн йиллар давомидаги Яқин Шарқ ва Афғонистондаги ҳарбий интервенцияларидан чарчаган америкалик сайловчилар учун жуда таъсирли бўлганди — Трамп кўпинча уларни Америка учун «абадий урушлар» деб атаган.

Аммо пайшанба куни кечаси Исроилнинг Эронга қарши зарбалари ортидан Трампнинг содиқ MAGA тарафдорлари орасида хавотир кучаймоқда. Улар урушга қарши президент яна бир хорижий ҳарбий можарога тортиб кетилиши мумкинлигидан қўрқмоқда — бу гал эса Яқин Шарқдаги энг кучли икки армия ўртасидаги тўқнашув бўлиши мумкин.

Трампнинг илк президентлик муддатидаги бош стратеги Стив Бэннон бу ҳақда шундай деди: «Исроилликлар — ʻЭнг аввало Исроилʼ, дейишади. Биз эса ҳар доим ʻЭнг аввало Америкаʼ бўлишимиз керак. Қуддусда эса Масиҳ пайғамбарнинг сўзлари устида тафаккур қилишсин: ʻким қилич билан яшаса, қиличдан ҳалок бўладиʼ».

Financial Times мухбири унинг АҚШ Эрон билан урушга тортилиб кетишидан қўрқиш-қўрқмаслигини сўраганида, Бэннон: «Жуда қўрқаман», деб жавоб берди.

Бу хавотир Трампнинг кўпгина тарафдорлари орасида умумий бўлиб, жума куни Исроилга қарши Эрон томонидан амалга оширилган ракета зарбаларидан ташқари, Теҳрон АҚШ ҳарбий базаларига ҳам зарба бериш эҳтимоли кўпроқ муҳокама қилинмоқда. Хўжайинига содиқ ўнгчи подкастер Тим Пул ижтимоий тармоқда шундай ёзди: «Исроил Эронни бизга зарба беришга ундамоқда».

Ўнгчи блогер Жек Пособек эса: «Америка яна бир марта Яқин Шарқдаги урушга тортилаётгандек. Бу эса айнан Трамп Пенсилвания, Мичиган ва Висконсинда сайлов кампаниясида ваъда қилган нарсанинг ғирт тескариси», — деди.

Пособек Thoughtcrime деб номланган видеоподкастда таниқли ўнгчи блогер Чарли Керк билан иштирок этаётган пайтда Исроилнинг Эронг ҳужумлари ҳақидаги илк маълумотлар келиб туша бошлади. Улар ҳужум MAGA базасида хавотир уйғотишини айтишди.

Керк: «Бу интернетда MAGA сафида жуда катта бўлинишга олиб келади. Мен бунга MAGA фуқаролик уруши демоқчи эмасман, аммо интернетда ғазабнок муҳокамалар бошланади ва бундан чиқиб кетиш жуда қийин бўлади», — деди.

Кейинроқ Керк яҳудийлар АҚШни Эрондаги «муллаларни йўқ қилиш»га ундашини айтди, аммо огоҳлантирди: «АҚШнинг Афғонистон, Ироқ ва Ливиядаги интервенциялари бошида осон бўлганди. Аммо ойлар ва йиллар ўтган сари улар қиммат, самарасиз ва ботқоқ урушларга айланди. Бирортаси арзимади».

Худди шу подкастда Turning Point USA нодавлат ташкилотининг фаоли Тайлер Бойер: «Агар Трампнинг 2024 йилдаги кампаниясини бир сўз билан ифода этиш керак бўлса, бу ʻмен сайлансам, учинчи жаҳон уруши бўлмайдиʼ, дегани эди», — деди.

«Трампнинг энг катта ваъдаларидан бири шундай эди — ʻмен билан камроқ уруш бўлади, мен урушга қарши президентман» деган гапларни ҳам қўшимча қилди.

Breitbart сайтининг Вашингтондаги бюроси раҳбари Мэтью Бойлнинг айтишича, Трамп учун вазият жуда мураккаб: у АҚШни кенг кўламли урушдан узоқ тутиши, Исроилни қўллаб-қувватлашни давом эттириши ва Эронни ядровий бомбага эга бўлишидан тўхтатиши керак.

«У нима қилиши бу президентлик муҳлати учун ҳал қилувчи бўлиши мумкин. Лекин агар бу каби хавфли вазиятни бошқаришга қодир бирор киши бўлса, у Президент Трампдир», — деди Бойл.

Бироқ MAGA тарафдорлари учун вазиятни янада мураккаблаштираётган омил — Трампнинг ҳақиқий позицияси номаълумлигидир. Май ойи охирида у Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхуни Эронга ҳужум қилмасликка чақирганини айтган эди, чунки Вашингтон ўша пайтда Теҳрон билан ядровий келишув бўйича музокаралар олиб бораётган эди.

Бу эса Исроил АҚШнинг хоҳишига қарши ҳаракат қилган, деган тахминларга олиб келди. Бу таассуротни АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг «бу АҚШ иштирокисиз амалга оширилган бир томонлама ҳаракат», деган баёноти янада мустаҳкамлади.

Бироқ жума куни Трамп The Wall Street Journal нашрига АҚШ ҳужум ҳақида аввалдан хабардор бўлганини айтди ва уни «инсоният учун катта таҳдид бўлган Эроннинг ядровий қурол яратишини тўхтатадиган, афор омма учун энг зўр воқеа» деб атади.

Подкастчи Саагар Энжети шундай деди: «Трамп эндиликда Исроилнинг ҳужумини мақтамоқда, бунда АҚШнинг моддий кўмаги бўлганига ҳам ишора қилди, Исроил матбуоти эса унинг аввалги ҳужумга қарши баёноти Эронни чалғитиш учун бўлган дезинформация кампанияси эканини ёзмоқда. Демак, урушдан қочмоқчи бўлган, бизларни масхара қилган Исроил эмас, айнан Трампнинг ўзи».

Бойл эса Трампнинг Эрон ядровий дастурини тугатишга оид тарихий келишувга эришиш мақсади ҳануз амалга ошиши мумкин, деб ҳисоблайди ва Исроилнинг зарбалари бунда унга ҳозирча олдин бўлмаган устунлик бериши мумкинлигини айтди.

«Исроилнинг қилган иши Трампнинг музокарадаги позициясини мустаҳкамлайди», — деди у. «Бу эса аввал мавжуд бўлмаган устунликни яратади».

Бу фикрни Трампнинг ўзи ҳам такрорлади. Жума куни CNN телеканалидаги Дана Баш билан суҳбатда у: «Эрон билан музокараларда иштирок этаётган барча ʻрадикалларʻ ўлди», — деди.

Баш Трампдан: «Уларни Исроил ўлдирдими?» деб сўраганида, у: «Ҳарҳолда грипп ёки коронавирусдан эмас», — деб жавоб берди.