Исроил расмийлари маълум қилишича, 14 июн куни Эроннинг ғарбий ҳудудида жойлашган йирик ерости ҳарбий объекти — «ракеталар шаҳри» ЦАҲАЛ томонидан ҳаводан нишонга олинди. Ҳужум Эрондаги баллистик қуроллар инфратузилмасини йўқ қилишга қаратилган кенг қамровли ҳарбий операция доирасида амалга оширилган.
Ҳужум қилинган «ракеталар шаҳри» бир нечта ерости туннелларидан ва ракеталарни учириш учун мўлжалланган махсус шахталардан иборат бўлиб, у баллистик ва қанотли ракеталарни сақлаш ва бошқариш маркази бўлган.
Маълумотларга кўра, ушбу база 2025 йил 10 январ куни Эронда нашр этилган тарғибот видеолавҳасида илк марта намойиш этилган. Шунда бу объектни Эрон қуролли кучлари Бош штаби раҳбари ҳамда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) ҳаво-космик кучлари қўмондони шахсан бориб кўрган. Ушбу лавҳа орқали Эрон ўз ҳарбий қудратини намоён этишга уринганди.
13 июн куни эса мазкур ҳарбий амалдорлар Исроилнинг олдинги ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлгани маълум қилинди. Базага қилинган ҳужум айнан уларнинг йўқ қилиниши билан боғлиқ ҳарбий ҳаракатлар давомида амалга оширилган.
ЦАҲАЛ баёнотида таъкидланишича, Исроилнинг мақсади — Эроннинг ракета салоҳиятини чеклаш ва минтақавий хавфсизликни таъминлашга қаратилган стратегик чоралар кўришдир.