Эрон олий раҳбари Али Хоманаий аппарати раҳбарининг ўринбосари Али Асқар Ҳижозий Россия расмийлари билан мамлакатдан чиқиб кетиш бўйича ёпиқ музокаралар олиб бораётгани маълум қилинди. Бу ҳақда Iran International нашри ишончли манбаларга таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, Россиянинг юқори мартабали амалдори Ҳежозийга ва унинг оила аъзоларига хавфсиз эвакуацияни кафолатлаган. Шунингдек, бошқа юқори лавозимли Эрон расмийлари ҳам бундай келишувга эга экани айтилмоқда. Айримлар эса, хабарларга кўра, аллақачон қочиш йўлларини аниқ белгилаб бўлган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу бу хабарларга муносабат билдириб, Эрон раҳбарияти «аллақачон жомадон йиғмоқда» дея баёнот берди.
Эслатиб ўтамиз, Исроил 13 июнга ўтар кечаси Эронга қарши ҳарбий амалиёт бошлади. Бунинг асосий сабаби сифатида ядровий қурол яратилишига қарши кураш кўрсатилган. Исроил армияси Эрон ҳудудидаги муҳим объектлар, жумладан, ядровий инфратузилмаларни нишонга олди. Амалиёт пайтида қатор юқори мартабали амалдорлар ва олимлар ҳалок бўлди.
Теҳрон бунга жавобан юзлаб баллистик ракеталар билан Исроилга зарба берди.