Ислом Республикаси расмийларининг маълум қилишича, Эрон Исроилга қарши амалга оширган жавоб зарбасида 1400 километрдан 2500 километргача радиусдаги турли хил ракеталар қўлланган. Бу ҳақда ISNA агентлиги расмий манбаларга таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, ракета турлари орасида энг тезкор ва узоқ масофага учиш қобилиятига эга бўлгани «Сижжил» гипертовушли ракетаси бўлиб, у соатига 14 Мах тезликда 2500 км масофани босиб ўтади. Бу ракеталарнинг қўлланилиши Исроил билан бўлаётган зиддиятнинг янги, хавфли босқичга ўтганини кўрсатади.
Шунингдек, Эрон «Хуррамшаҳр-4» (2000 км, 8 Мах), «Имод» (2000 км, 2–7 Мах), «Шаҳоб» (2000 км, 7 Мах), «Қодир» (1950 км, 9 Мах), «Пове» (1650 км, 600–900 km/h), «Фаттоҳ-2» (1400 км, 5 Мах), «Хайбар» (1450 км, 5000 km/h) ва «Ҳожи Қосим» (1440 км, 5 Мах) сингари ракеталардан ҳам фойдаланган.
Эрон матбуоти ушбу ракеталарнинг ишлатилиши Исроилга етказилган зарар миқдорини ошириш ва ядровий таҳдидларга қарши кучли огоҳлантириш мақсадида амалга оширилганини таъкидламоқда. Ракеталарнинг техник тавсифлари Эрон қурол-аслаҳа салоҳиятининг жиддий даражада ўсганини кўрсатмоқда.
Айни пайтда халқаро кузатувчилар вазиятнинг тезлик билан кенгайиб боришидан ташвиш билдираётган бир пайтда, Эрон томони яна ҳам қатъий жавоб беришга тайёр эканини маълум қилмоқда.