Суюлтирилган газ таъминотида 60–70 кунлик узилишлар кузатилмоқда, маъсуллар нима билан банд

11:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳукумат йиғилишида масъуллар тартиб-интизомга етарли эътибор бермаётгани сабабли ислоҳотлар вақтида амалга ошмаётганини танқид қилди. Давлат раҳбари айрим соҳалардаги кечикишлар аҳоли турмушига бевосита таъсир қилаётганини қайд этди.

Suyiltirilgan gaz

Жумладан, суюлтирилган газ таъминотида 60–70 кунлик узилишлар кузатилмоқда. Бу ҳолат айниқса Андижон ва Сурхондарё вилоятларида аҳоли мурожаатларининг 70 фоизини ташкил қилмоқда. Президент бу муаммони ҳал этиш учун масъулларга икки ҳафта муҳлат берди ва қатъий огоҳлантириш қилди: агар ечим топилмаса, раҳбарлар жавобгарликни ўзлари юклашига тайёр туришсин.

Йиғилишда электр энергияси истеъмоли масаласи ҳам кўтарилди. Ёз мавсумидаги иссиқ кунлар сабабли электр талабининг ортиши кутилмоқда. Бу шароитда икки ой аввал ташкил этилган Энергия самарадорлик агентлиги фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Агентликка давлат ташкилотлари ва корхоналарда ойлик истеъмоли 500 kWhдан ортиқ бўлган ходимлар рўйхатини тайёрлаш топширилди.

Ушбу ходимларга энергия тежовчи технологияларга ўтиш учун «яшил таъмир» кредити ёки субсидиялар ажратилиши мумкин. Зарур ҳолларда бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан ссуда бериш ҳам кўзда тутилмоқда.

Йиғилишда йил якунигача истеъмоли юқори бўлган камида 100 минг хонадон энергия самарадор тизимларга ўтиши зарурлиги таъкидланди. Бу орқали на фақат аҳолининг турмуш шароити яхшиланади, балки умумий истеъмолда ҳам иқтисодий самарадорликка эришилади.