Йиғилишда айтилишича, жорий йилги инвестиция дастури доирасида яна 26,5 миллиард доллар сармоя жалб этилиши режалаштирилган. Ундан ташқари, 1 сентябргача 3,3 миллиард долларлик 35 та йирик лойиҳа ишга тушиши шартлиги қатъий таъкидланди.
Президент халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобига қурилаётган йўл, сув ва электр инфратузилмасига оид лойиҳалар кўп ҳолларда 3–5 йиллаб чўзилаётганини танқид қилди. Бундай ҳолатлар сармоядорлар ишончини сусайтиши, мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этди.
Масалан, Осиё тараққиёт банки томонидан 2019 йилда логистика марказлари қурилиши учун ажратилган 197 миллион доллар маблағни ўзлаштиришдаги кечикишлар туфайли иш бошланмасидан аввал 200 минг доллар қарз фоизи тўлангани маълум қилинди.
Шунингдек, сув, экология ва қишлоқ инфратузилмасига жалб қилинган маблағлар ўз вақтида ўзлаштирилганида, 6 миллион доллар қарз фоизи тежалиши ва бошқа лойиҳаларни кечиктирмасдан амалга ошириш имкони бўлиши таъкидланди.
Президент мавжуд маблағлардан оқилона фойдаланиш, бюрократик тўсиқлар ва тендерлар давомийлигини қисқартириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш бўйича аниқ чоралар кўрилишини талаб қилди.