2024 йилда виртуал қабулхона ва халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларнинг 55 фоизи ижобий ҳал этилмаган. Бу эса одамлар ишончини сусайтираётган ва ижтимоий тармоқларда мурожаатлар сони кескин ортишига олиб келган. Энг кўп шикоятлар ҳуқуқ-тартибот идоралари, судлар, ҳокимликлар, таълим ва экология соҳалари билан боғлиқ.
Президент Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида мансабдор шахслар устидан шикоятлар кўпайганига алоҳида эътибор қаратди. У ҳокимлардан бу ҳолатни таҳлил қилган-қилмаганини сўраб, вазирлар ва ҳокимлар мурожаатларга ечим бермаса, халқ қайси эшикка бориб додини айтади, деган саволни қўйди.
Мингга яқин мурожаатда фуқаролар Президентнинг шахсий қабулини сўраган. Бу эса жойлардаги муаммолар етарлича ҳал этилмаётганини яққол кўрсатади. Президент барча раҳбарларни ҳар бир мурожаат ортида инсон дарди ва умиди турганини унутмасликка чақирди.