Эрон президенти Масъуд Пизишкиён парламентда қилган чиқишида Исроил томонидан мамлакат ҳудудига қилинган зарбаларга жавоб берди. Унинг таъкидлашича, Исроилнинг ҳарбий ва разведка амалиётлари Эрон халқи иродасини сина олмайди.
Пизишкиённинг сўзларига кўра, «қаҳрамонларни йиқитиш билан душман Эронни йўқ қила олмайди, чунки ҳар бир йиқилган қаҳрамон ўрнини юзлаб бошқалар эгаллайди ва зулмга қарши курашни давом эттиради». У шунингдек, Эрон ҳеч қачон тажовузкор бўлмаганини ва ҳозирда АҚШ билан ядровий дастур бўйича музокаралар олиб бораётганини билдирди.
Президент яна бир бор Эрон ядровий қурол ишлаб чиқариш ниятида эмаслигини қайд этиб, «Ғарб Эронда ядровий қурол бўлмаслиги керак, деб айтади. Лекин биз бундай қурол яратиш ниятида ҳам эмасмиз», — деди.
Шу билан бирга, Пизишкиён мамлакатнинг тинч мақсадларда уран бойитиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади. Унга кўра, Эрон ядровий энергиядан фойдаланиш ҳуқуқини халқаро шартномалар доирасида амалга оширишда давом этади.
Қарши томонлар ўртасидаги тортишув жума куни Исроил томонидан Эрондаги ҳарбий ва ядровий объектларга берилган зарбалардан бошланди. Ушбу ҳужумларда юқори мартабали ҳарбийлар ва олимлар ҳалок бўлган. Теҳрон жавоб зарбалари билан иш бошлади ва иккала томон ўртасидаги тўқнашув шиддати кескин ошиб бормоқда.
Мутахассислар ушбу зиддият бутун Яқин Шарқни қамраб олиши мумкинлигидан хавотир билдирди. Шунингдек, Исроил армияси Ғарбий Эронда ракеталар учирилишига тайёр ҳолда турган қурилмаларга ҳам зарба берилганини маълум қилди.