Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Fox News’га берган интервюсида 15 июнга ўтар кечаси Теҳронга берилган зарба пайтида Эроннинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) разведка хизматининг раҳбари бригадир генерал Муҳаммад Каземий ва унинг ўринбосари Ҳасан Моҳаққақ ҳалок бўлганини маълум қилди. Ҳужумда улар билан бирга генерал Муҳсин Боқирийнинг катта офицери ҳам ҳалок бўлган.
ЦАҲАЛ (Исроил мудофаа армияси) ушбу зарбани «Қўзғалган шер» деб номланган ҳарбий операция доирасида амалга оширди. Унга кўра, 50 та қирувчи самолёт иштирок этган ҳаво ҳужумида 80 дан ортиқ мақсадли нишон, жумладан, Эрон Мудофаа вазирлиги ва ядровий дастур бошқармаси (SPND) қароргоҳлари йўқ қилинди. Israel International маълумотига кўра, Козимий ва унинг ўринбосари Теҳрон марказида жойлашган ИИМК биноси вайрон бўлиши оқибатида вайрона остида қолган.
ЦАҲАЛнинг расмий маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери 20 дан ортиқ юқори даражали эронлик қўмондонлар нобуд этилган. Улар орасида ИИМК бош қўмондони Ҳуссайн Саломий, «Ал-Қудс» бўлимининг раҳбари Исмоил Қооний, бош штаб бошлиғи Моҳаммад Боқирий, аэрокосмик кучлар раҳбари Амир Али Ҳожизода ва бошқа юқори лавозимдаги амалдорлар бор.
Шунингдек, Исроил ҳужумларида Эрон ядровий дастурида иштирок этган 9 нафар етакчи олим ҳалок бўлган. Улар орасида ядровий муҳандислик, кимёвий технология ва материалшунослик соҳалари бўйича мутахассислар бўлган.
Икки томон ўртасидаги эскалация қурбонлар сонини ортишига олиб келди. Эрон расмийларига кўра, Исроил зарбаларида 224 киши ҳалок бўлган, шулардан 70 нафари аёл ва болалар. Яраланганлар сони 1481 нафарни ташкил қилган. Жавоб тариқасида Теҳрон юзлаб дрон ва баллистик ракеталарни учирган. Исроил эса 20 нафар ҳалок бўлгани ва 400 дан ортиқ киши яраланганини маълум қилган.
Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп эса Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Алий Хоманаийни жисмонан йўқ қилиш режасига вето қўйгани хабар қилинган эди. Бу маълумотни Reuters агентлиги ўз манбаларига таяниб тарқатди.