Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо рекорд даражага етди

16.06.2025 17:00 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг биринчи беш ойида Хитой ва Марказий Осиёнинг беш мамлакати ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми қарийб 40 миллиард долларга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10 фоиздан кўпроқ ўсиш демакдир.

China tovar

Хитой Бош божхона бошқармаси маълумотларига кўра, ушбу кўрсаткич 286,42 миллиард юанни (тахминан 39,93 млрд доллар) ташкил қилган. Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ўртасидаги товар айирбошлаш «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида йил сайин мустаҳкамланмоқда.

Солиштириш учун: 2013 йилда ўзаро савдо 312 миллиард юан бўлган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич қарийб икки баробарга — 674 миллиард юанга етди. Яъни сўнгги ўн йилда савдо ҳажми 116 фоизга ошган. Бу йиллик ўртача 7,3 фоиз ўсишни англатади ва Хитой ташқи савдосининг умумий ўсиш суръатидан юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик ҳам жадал ривожланмоқда. 2025 йилнинг биринчи беш ойида Хитой Марказий Осиёдан 4,36 миллиард юанлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилди. Бу 26,9 фоизлик ўсишни кўрсатади. Ўзбекистондан майиз экспорти 153,7 фоизга, Қозоғистондан зиғир уруғи 202 фоизга, Қирғизистондан асал етиказиб бериш эса 10 баробардан зиёд ўсгани қайд этилди.

Шунингдек, Хитой ва Марказий Осиё ўртасида юк ташишда автомобиль транспортининг ўрни ортиб бормоқда. 2020 йилда йўл орқали амалга оширилган савдо улуши 20 фоиздан кам бўлган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 51,8 фоизга етди. 2025 йилнинг беш ойида эса йўл орқали савдо ҳажми 143,65 миллиард юанни ташкил қилди — 10,9 фоизлик ўсиш билан.