Ўзбекистонда ўз жинсини алмаштирган фуқароларга исм-фамилиясини ўзгартиришга расман рухсат берилди

16.06.2025 20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда жинсини тиббий йўл билан алмаштирган фуқароларга исм, фамилия ва отасининг исмини (ФИО) ўзгартириш ҳуқуқи расман бериладиган бўлди.

Smena pola

Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 октябрдаги 550-сон қарорига 3-илова сифатида тасдиқланган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига киритилган бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар асосида амалга оширилади.

Эндиликда операция йўли билан ўз жинсини ўзгартирган фуқаро шифокорлик муассасасининг тиббий хулосасини тақдим этиб, расман исм, фамилия ёки отаноми ўзгартириш учун ариза топшириши мумкин бўлади. Масалан, «Дилшод» исмини «Дилшода»га алмаштиришда қонуний тўсиқлар йўқолади.

Бунга қадар жинсни ўзгартирган фуқаролар фақат туғилганлик, никоҳ ёки вафот ҳақидаги гувоҳномаларни қайта расмийлаштиришлари мумкин эди. ФИОни ўзгартириш эса фақат миллий анъаналар ва тарихий омиллардан келиб чиққан ҳолда амалга ошириларди.

Янги тартибга кўра, ФИОни ўзгартириш қуйидаги ҳолатларда мумкин:

  • давлат тили тўғрисидаги қонунга мувофиқ;
  • суд қарори асосида;
  • исм ёки фамилия нотўғри ёки ёқимсиз туюлганда;
  • миллий мансубликка мос келмаганда;
  • никоҳда ёки ажрашгандан сўнг асли фамилияга қайтиш истагида;
  • оила аъзолари умумий фамилияга эга бўлишни истаганда;
  • фарзандлар ота, она ёки васий фамилиясига ўтишини хоҳлаганда;
  • оталикни белгилаш муносабати билан;
  • жинсни ўзгартириш муносабати билан.

Бу ўзгаришлар фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.