Жорий йилнинг апрел ойида Дубайдаги ёқилғи қуйиш шохобчасида икки гуруҳ ўртасида келиб чиққан оммавий жанжал тасвирлари ижтимоий тармоқларда тарқалган эди. Жанжал оқибатида икки нафар ўзбекистонлик вафот этгани маълум бўлди. Ҳодиса юзасидан Дубай прокуратураси тергов ишларини олиб бормоқда, деб ёзмоқда Khaleej Times.
Дубай полицияси маълумотларига кўра, жанжалга ўтмишдаги келишмовчиликлар сабаб бўлган. Жабрланувчилардан бири машина шиналарини текшираётган вақтида бир гуруҳ эркаклар ҳужумига учраган. Иккинчи жабрланувчи эса қочмоқчи бўлган, аммо бошқа бир гуруҳ аъзолари уни ҳам тутиб олган.
Воқеа жойига етиб келган Дубай полицияси ҳудудни ўраб олган ҳамда жиноятчилар қолдирган ашёларни тўплаган. Кузатув камералари ёзувлари ва гувоҳлар баёноти асосида воқеалар кетма-кетлиги аниқланган ҳамда 11 киши, жумладан асосий айбланувчилар, бошқа ҳудуддаги меҳмонхонада қўлга олинган.
Сўроқ вақтида улар ҳодисада иштирок этганини тан олиб, бунга олдинги зиддиятлар сабаб бўлганини айтган. Ҳозирда иш Дубай Бош прокуратурасига юборилган.
Ушбу шов-шувли жанжалдан сўнг ўзбекистонлик ёш йигитларнинг Бирлашган Араб Амирликларига киришида муаммолар кузатилаётгани тўғрисида хабарлар тарқалган эди.