Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг таклифига биноан «Марказий Осиё – Хитой» форматидаги иккинчи саммитда иштирок этиш учун 17 июн куни амалий ташриф билан Остона шаҳрида бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, тадбирда минтақа давлатлари раҳбарлари ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Жинпинг иштирок этади.
«Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилади. Якунда қўшма ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилган”, — дейилади хабарда.
Унга кўра, саммит доирасида Ўзбекистон Президенти Хитой Раиси билан икки томонлама учрашув ҳам ўтказади.
Маълумот учун, бу форматдаги биринчи саммит Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида 2023 йил май ойида Хитойнинг Cиан шаҳрида бўлиб ўтган эди.