Foreign Policy нашрида эълон қилинган таҳлилга кўра, Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳозирги ҳарбий қарама-қаршилик турлича якун топиши мумкин.
Биринчи эҳтимолий вариант — чекланган миқёсдаги тўқнашув. Бу ҳолатда Эрон ички аудитория олдида ўз нуфузини сақлаш мақсадида Исроилга бир неча рамзий зарбалар беради ва АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатишга рози бўлади.
Иккинчи сценарий — халқаро босим орқали тўхтатиш. Эрон Исроилга нисбатан чегараланган ҳужумлар уюштириши мумкин, бу вақтда эса АҚШ ва Европа Тел-Авивни ҳарбий амалиётни тўхтатишга чақиришади. Муҳими, АҚШдаги сиёсий раҳбарият, хусусан Доналд Трамп Нетаняҳуга босим ўтказса, Исроил операцияни режадан илгари тўхтатиши мумкин.
Учинчи вариант — можаронинг минтақавий урушга айланиши. Эрон АҚШ базаларига зарба бериши мумкин, чунки Теҳрон Вашингтонни Исроил зарбаларининг ҳаммуаллифи, деб ҳисоблайди. Бу эса АҚШнинг Ироқ, Яман ва бошқа давлатлардаги Эрон манфаатларига нисбатан бевосита аралашувига олиб келиши мумкин.
Энг хавфли, тўртинчи сценарий — чўзилиб кетадиган, яъни йиллаб давом этиши мумкин бўлган яширин низо. Унда ҳарбий ҳаракатлар очиқ эмас, балки диверсиялар, дрон зарбалари ва киберҳужумлар орқали амалга оширилади. Бундай форматдаги уруш нафақат Исроил ва Эронни, балки бутун Яқин Шарқ минтақасини узоқ муддатли беқарорликка етаклаши мумкин.
Foreign Policy таҳлилчилари таъкидлашича, ҳозирги вазиятда барча томонлар эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмоқда, аммо кескин қарорлар ва хатолар ҳар қандай сценарийни кескин ёмонлаштириб юбориши мумкин.