«Агар Россия G8 дан ҳайдалмаганида Украина уруши бўлмасди» — Доналд Трамп

09:00 | 4 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп G7 саммитида қилган баёнотида, агар 2014 йилда Россияни «Катта саккизлик»дан чиқаришмаганида, Владимир Путин Украинага бостириб кирмас эди, деб ҳисоблашини билдирди. У Россияни G8дан чиқаришни «катта сиёсий хато» деб атади.

Trump g7

АҚШ президенти Доналд Трамп 16 июнь куни Канадада бўлиб ўтаётган G7 саммити доирасида қилган чиқишида Россияни G8 дан чиқариш қарорини танқид қилди. Унинг фикрича, 2014 йилда Россия «Катта саккизлик»дан четлатилмаганида, ҳозир Украинадаги урушнинг олди олинган бўлар эди, деб ёзмоқда Reuters.

«Бу гуруҳ аввал G8 эди. Обама ва Трюдо фамилияли бир инсон Россияни у ердан ҳайдашни исташди. Менимча, бу катта хато бўлган. Агар Россия ҳамон G8да бўлганида, бугунги уруш бўлмас эди», — деди Трамп. У, шунингдек, Россия президенти Владимир Путин фақат у билан мулоқот қилишини айтиб, буни «чунки у G8’дан ҳайдалишни жуда қаттиқ таҳқирланиш сифатида қабул қилган», дея тушунтирган.

Трампнинг таъкидлашича, Путин унингча душман эмас ва у вақтда бундай тарзда қаралмаган. «Сиз ўзингиз билан бир жойда душман ўтирганини билсангиз, у билан қандай мулоқот қилишингиз мумкин?» — дея изоҳлади у.

Шу билан бирга, Трамп Россияни G7га қайтариш эҳтимоли пастлигини тан олди. «Жуда кўп вақт ўтиб кетди», — деди у. Бироқ у Хитойни G7га таклиф қилиш ғоясини «унчалик ёмон эмас», деб баҳолади.

Маълумот учун, 2014 йилда Қрим аннексияси ва Украина шарқида уруш бошланганидан сўнг G8 аъзолари Россияни бир томонлама «саккизлик»дан чиқарган эди. Ўшандан бери ташкилот G7 номи остида фаолият юритмоқда.

Трамп аввал ҳам Россияни G7га қайтаришни таклиф қилган. 2020 йилда у бу ташаббусни «соғлом ният» деб атаган бўлса-да, Франция, Германия ва Канада каби аъзо давлатлар бу ғояни қўллаб-қувватламаган.

Эслатиб ўтамиз, Россия 1997 йилда G8 таркибига киритилган эди, аммо бу мақомини 2014 йилда йўқотган.