Мактаб ўқувчиларига «репетитор» учун давлат томонидан субсидия жорий этилди

13:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Ҳукумат қароригa асосан, камбағал оилалар фарзандлари мактабдан ташқари қўшимча таълимга ихтиёрий равишда жалб этилади ва харажатларнинг катта қисми давлат томонидан қопланади.

Maktab o'quvchilari

2025 йил 14 июнда Вазирлар Маҳкамасининг 365-сонли қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, давлат умумий ўрта таълим ташкилотларидаги айрим тоифадаги ўқувчиларни мактабдан ташқари қўшимча таълимга жалб қилиш тартиби тасдиқланди.

Мазкур қарорга кўра, камбағал оилалар реестрида турган оилалар фарзандлари қўшимча таълимга жалб этилади. Бунда таълим харажатларининг 80 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қопланади, қолган 20 фоизини эса ота-оналар тўлайди.

Ўқувчилар тўгаракларга ихтиёрийлик асосида қатнашади. Уларнинг ота-оналари билан таълим ташкилотлари ўртасида шартномалар ЯИДХП (my.gov.uz) орқали расмийлаштирилади.

Ҳар бир тўгарак учун 1 нафар ўқувчига 1 ойлик тўлов белгиланган лимитдан ошмаслиги лозим: 7−11 ёшдаги ўқувчилар учун дарсдан кейинги гуруҳларда — БҲМнинг 1 баравари, 12−18 ёшдагилар учун умумтаълим ва чет тиллари бўйича — БҲМнинг 2 баравари, ахборот технологиялари ва касб-ҳунар йўналишларидаги тўгараклар учун эса — БҲМнинг 4 бараваригача.

Бу қарор орқали таълимда тенг имкониятлар яратиш ҳамда ўқувчиларнинг салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган янги механизм йўлга қўйилди.