Moody’s халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистонда электр ва газ тарифларининг оширилиши мамлакат ҳукумати томонидан мураккаб ислоҳотларни амалга оширишдаги қатъий сиёсий иродан далолат беради, деб ҳисоблайди. Ҳисоботга кўра, 2024–2025 йиллардаги тариф ошишлари 2027–2028 йилларга бориб энергетика харажатларини тўлиқ қоплашни мақсад қилади.
Агентлик таъкидлашича, нарх ошишлари инфляция босимига сабаб бўлган бўлса-да, ҳукумат маош ва пенсияларни ошириш ҳамда субсидияларни қисқартириш орқали ижтимоий ҳимояни таъминлаш чораларини кўрмоқда. Бу орқали давлат корхоналари учун субсидияларни босқичма-босқич камайтириш ва бозор муносабатларига ўтиш кўзда тутилган.
2024 йил 1 майдан ижтимоий норма асосида электр энергияси учун 450 сўм ва газ учун 650 сўмлик янги тарифлар жорий қилинган эди. 2025 йил майда эса улар мос равишда 600 ва 1000 сўмгача оширилди. 2026 йилдан бошлаб ҳар йил 1 майда тарифлар инфляция даражасига боғлиқ ҳолда, лекин 10 фоиздан ошмаган миқдорда кўтарилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, давлат 2025 йилда ҳам газ ва электр учун субсидия беришни давом эттиришни кўзламоқда. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров сўзларига кўра, бу амалиёт 2028 йилдан тўхтатилади. Субсидиялар учун жорий йилда 12,3 трлн сўм ажратиш режалаштирилган.
Moody’s ҳисоботида давлат бошқарувини ислоҳ қилиш масаласига ҳам урғу берилган. 2024 йилдан барча давлат корхоналари ва банклар кузатув кенгашларига мустақил аъзолар жалб қилинди. 2027 йилга келиб, давлат банкларида мустақил аъзолар улуши 50 фоиздан ошиши кутилмоқда.
Шунингдек, давлат хизматчилари даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш, манфаатлар тўқнашуви ва очиқликни ошириш бўйича қонунлар ва ташаббуслар муҳокамада. 2024 йилда коррупцияга қарши агентлик қонун лойиҳаси тайёр эканини маълум қилган бўлса-да, ҳали ҳам Олий Мажлисга киритилмаган.
Moody’s фикрича, ушбу чоралар мамлакатдаги сиёсий барқарорлик ва институционал тизимга бўлган ишончни кучайтиради, ҳамда Ўзбекистоннинг кредит рейтингига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.