Йўл қоидаларини енгил бузган ҳайдовчиларга фақат огоҳлантириш бериш режалаштирилмоқда

12:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Парламентга киритилган янги қонун лойиҳасига кўра, биринчи марта содир этилган енгил йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун маъмурий жарима ўрнига огоҳлантириш чораси қўлланиши мумкин. Бу чора фуқароларга юмшоқроқ муносабатни таъминлашни кўзлайди.

Toshkent

Ўзбекистонда илк бор маъмурий жазо тизимида алоҳида таъсир чораси сифатида «маъмурий огоҳлантириш» жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритилди.

Қонун лойиҳасига кўра, автомобил бошқариш пайтида телефондан ёки монитордан фойдаланиш, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш, мажбурий суғуртанинг йўқлиги ҳамда пиёдалар томонидан содир этилган ижтимоий хавфи паст ҳуқуқбузарликлар учун биринчи марта фақат огоҳлантириш берилиши мумкин бўлади.

Ушбу ташаббус ЎзЛиДеП фракцияси томонидан маъқулланган бўлиб, унинг мақсади — ҳуқуқбузарликларга нисбатан холис ва тарбиявий ёндашувни таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тарбиявий ролини мустаҳкамлашдир.

Қоидабузарлик фото ва видео қайд этиш воситалари орқали аниқланган тақдирда, жавобгар шахс аниқ белгиланиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 36-моддасига жарималар ҳақида ўз вақтида фуқароларни хабардор қилиш механизмларини кучайтириш бўйича ҳам ўзгартиришлар киритилади.

Қонун лойиҳаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи асосида ишлаб чиқилган. Огоҳлантириш чораси йилига фақат бир марта қўлланиши мумкин бўлади.