«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, 16−17 июн кунлари Қорақалпоғистон ва Хоразмда, 17−19 июнь кунлари эса мамлакатнинг қолган ҳудудларида ҳаво ҳарорати кундуз кунлари 40−42, чўл ҳудудларида 43−44 даражагача кўтарилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги шундай экстремал ҳароратларда болалар, кексалар, ҳомиладор аёллар ва сурункали касалликларга чалинган фуқароларни ўз соғлиғига алоҳида эътибор қаратишга чақирмоқда.
Ташқарига чиқиш зарур бўлганда енгил, табиий матодан тикилган ёрқин либослар, бош кийим ва қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақиш тавсия этилади. 10:00 дан 17:00 гача соя жойларда бўлиш мақсадга мувофиқ. Кунига камида 3 литр суюқлик истеъмол қилиш, лекин жуда совуқ ичимликлардан тийилиш зарур.
Газланган, алкогол ва энергетик ичимликлардан узоқ бўлиш, ўрнига мева-сабзавотлар, енгил овқатлар тановул қилиш мақсадга мувофиқ. Илиқ душ қабул қилиш ва баданни вақти-вақти билан совуқ мато билан артиш ҳам организмни совутишга ёрдам беради.
Қуёш уриши аломатлари — кўнгил айниши, бош айланиши, қусиш, ҳушдан кетиш. Бундай пайтда жабрланувчини салқин жойга олиб ўтиш, юзини совуқ сувда ювиш ва зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш талаб этилади.
Сурункали касаллиги борлар учун жисмоний фаолликни чеклаш ва шифокор маслаҳатисиз кўчага чиқмаслик муҳим. Юрак-қон томир хуружларининг олдини олиш учун бундай шараоитда оғир меҳнатдан узоқлашиш керак.