Женнифер Лопес концерти қайси маблағлар ҳисобига ташкил этилмоқда?

10:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Маданият жамғармаси таниқли америкалик хонанда Женнифер Лопеснинг 7 августда ўтказилиши кутилаётган Тошкентдаги концерти қайси маблағлар ҳисобига ташкил этилаётгани маълум қилди.

Jenefer lopes

16 июн куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Туризм қўмитаси вакиллари америкалик хонандаси Женнифер Лопеснинг Ўзбекистондаги концерти ҳақида расмий маълумот берди.

Жамғарма раиси биринчи ўринбосари Элмурод Нажимовга кўра, Тошкентдаги концерт «Up All Night — Live in 2025» турнеси доирасида ўтказилади. 7 август куни бўлиб ўтадиган тадбирга давлат бюджети маблағлари жалб этилмаган — барча харажатлар хусусий тадбиркорлар томонидан қопланмоқда.

Таъкидланишича, концертни ташкил этишда Маданият жамғармаси ва қатор ҳамкор ташкилотлар иштирок этмоқда. Бунда креатив туризмни ривожлантириш ва Ўзбекистонни халқаро санъат майдонига чиқариш мақсад қилинган.

Тадбир «Бунёдкор» стадионида ўтказилади. Жамғарма вакилларининг айтишича, стадионнинг ҳолати текширувдан ўтказилган, газон тайёр ҳолатда ва концерт ўтказиш учун барча техник талабларга жавоб беради.

«Женнифер Лопезнинг Ўзбекистонга ташриф буюриши билан боғлиқ барча харажатлар давлатдан бир тийин ҳам маблағ олинмасдан амалга ошириляпти. Тошкентдаги тадбирлар ташкиллаштирадиган ҳамкор фирмалар билан биргаликда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан тадбир ташкиллаштирилмоқда. Лопезнинг Тошкентга келиб-кетиши, гонорари, барча харажатлари тадбиркорлар томонидан амалга оширилади», — дея таъкидлади жамғарма вакили.

Бу концерт нафақат маданий ҳаётдаги муҳим воқелик, балки хусусий секторнинг йирик тадбирларни ташкил этишдаги роли ортиб бораётганини ҳам кўрсатади.