16 июн куни G7 давлатлари Эрон ва Исроил ўртасидаги ҳаво уруши фонида биргаликдаги баёнот эълон қилиб, Исроилнинг хавфсизлигига қўллаб-қувватлашини билдирди ва Эронни минтақадаги беқарорлик манбаи деб атади.
Баёнотда «Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга» экани, ҳамда G7 «Исроил хавфсизлигини таъминлашни қўллаб-қувватлаши» таъкидланган. Шунингдек, «Эрон — минтақавий беқарорлик ва терроризмнинг асосий манбаи» деб баҳо берилган ва мамлакат ядровий қуролга эга бўлмаслиги кераклиги қатъий айтилган.
Эрон ядровий қурол ишлаб чиқариш нияти йўқлигини, фақат тинч мақсаддаги ядровий технологиялардан фойдаланиш ҳуқуқига эгалигини таъкидлаб келмоқда. У ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома — NPT иштирокчиси саналади. Исроил эса ушбу шартномага қўшилмаган ва унинг ядровий қуролга эгалиги расман тасдиқланмаганига қарамай кенг жамоатчилик бунга ишонади.
Саммит чоғида АҚШ президенти Доналд Трамп можаро туфайли Канададаги G7 йиғилишини муддатидан олдин тарк этиб, Вашингтонга қайтишини эълон қилди. Трамп Эрон-Исроил зиддиятининг аввалдан хабардор бўлганини айтган ва Исроилнинг зарбасини «аъло» деб баҳолаган.
G7 давлатлари баёнотида Ғазодаги жангларни ҳам тўхтатишга чақириқ билдирилган. Энергия бозорларида барқарорликни таъминлаш масаласида ҳам ҳамкорликка тайёр эканликлари қайд этилган.
Вашингтон Эронга қарши бевосита ҳарбий иштирокини рад этмоқда, бироқ Эрон АҚШ манфаатларига зарба бермаслик тўғрисида огоҳлантирилган. Давлат котиби Марко Рубио Британия, Франция ва ЕИ раҳбарлари билан телефон орқали вазиятни муҳокама қилган.