Пентагон Яқин Шарққа қўшимча ҳарбий кучлар юбормоқда

15:15 | 2 дақиқада ўқилади.

АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет Яқин Шарқдаги марказий ҳарбий округ ҳудудига қўшимча ҳарбий кучлар ва воситалар юборилишини маълум қилди. Бу қарор Америка қўшинларини ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган.

Pentagon

АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Пентагон томонидан Яқин Шарққа қўшимча ҳарбий кучлар юборилишини эълон қилди. Унинг таъкидлашича, бу қарор ўтган ҳафтанинг охирида қабул қилинган.

Хегсетга кўра, қўшимча кучлар АҚШ ҳарбийларининг хавфсизлигини таъминлаш ва минтақадаги мудофаа имкониятларини мустаҳкамлаш мақсадида юборилмоқда. Бу билан АҚШ ўз ҳарбий позицияларини кучайтиришга интилаётганини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, АҚШ ҳукумати ҳозирда ҳам ядровий келишув масаласини эътиборда сақламоқда. Хегсет аввалроқ билдиришича, Вашингтон «ҳушёрликни сақлаган ҳолда» Эрон билан келишув имкониятини очиқ қолдирмоқда.

CNN хабарига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп яқин кунларда Эрон расмийлари билан ядровий келишув бўйича музокараларни тиклаш мақсадида учрашув ўтказиш ниятида.

Бу ҳаракатлар Яқин Шарқдаги кескин вазият фонида АҚШнинг геосиёсий позициясини сақлаб қолишга ва ўз ҳарбийларини ҳимоя қилишга қаратилган.