Дуров француз газетасини Telegram’га қарши кампанияда айблади

15:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Telegram асосчиси Павел Дуров Франциядаги Le Monde газетаси 7 ҳафта ичида мессенжер ҳақида 40 та салбий мақола ёзганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бу платформани обрўсизлантиришга қаратилган медиа кампаниянинг бир қисми.

Durov

Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров Франциянинг етакчи нашри — Le Monde газетасини платформасига нисбатан бирёқлама ёритишда айблади. Унинг сўзларига кўра, Парижда ҳибсга олинганидан сўнгги 7 ҳафта мобайнида газетада Telegram ҳақида 40 та салбий материал чоп этилган.

Дуров таъкидлашича, ушбу мақолаларнинг аксариятида платформанинг расмий изоҳи сўралмаган ва жўнатилган аниқловлар ҳам эътиборсиз қолдирилган. У буни журналистик ахлоқ қоидаларига зид ҳолат сифатида баҳолади.

Шу билан бирга, у француз оммавий ахборот воситалари Telegram’га нисбатан қизиқишини йўқотмаганини қайд этди. Яқинда Le Monde ўз ўқувчиларига мессенжер орқали пиратча футбол трансляцияларини томоша қилишлари ҳақида сўровнома йўллади. Дуров бу ҳаракатни Telegram’га қарши навбатдаги манфий мақола тайёрлаш учун маълумот тўплаш деб баҳолади.

Дуровнинг таъкидлашича, бу каби медиа муҳит сўз эркинлигига таҳдид солади. «Шунинг учун Telegram каби платформалар муҳим — биз одамларга барча нуқтаи назарлардан фойдаланиш имконини берамиз. Биз одамларнинг ақлига ишонамиз ва уларга фильтрланмаган ҳақиқатни тақдим этамиз», — деди у.

Маълумот учун, Павел Дуров 2024 йил августда Парижда ҳибсга олинган эди. Унга контентни етарли даражада модерация қилмаганлик ва расмий идоралар билан ҳамкорликдан бўйин товлаш айблари қўйилган. Кейинроқ у €5 млн кафиллик эвазига озод этилган, лекин Франциядан чиқиши тақиқланган.