Олий Мажлис Қонунчилик палатасида давлат органлари ёки улар мансабдор шахсларининг ноқонуний қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги натижасида фуқароларга етказилган зарарни қоплаш механизмини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди ва қабул қилинди.
Конституциянинг 55-моддасига кўра, ҳар бир фуқаро давлат органларининг ноқонуний ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилиш ва етказилган моддий ва маънавий зарар учун давлат ҳисобидан компенсация олиш ҳуқуқига эга. Бироқ бу жараён амалда ягона қонун ҳужжати билан тартибга солинмаган эди.
Янги қонун лойиҳасида суд орқали тасдиқланган зарарлар учун компенсацияни махсус ҳудудий компенсация жамғармаси орқали тўлаш механизми жорий этилади. Энг муҳими, давлат маблағлари ҳисобидан тўланган сумма кейинчалик айбдор мансабдор шахсдан регресс тартибида ундирилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, лойиҳада компенсация жамғармаларини шакллантириш, бошқариш ва улардан фойдаланиш тартиблари аниқ белгилаб берилмоқда. Бунда давлат хизматчилари фаолияти устидан самарали назорат ўрнатиш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва давлат органларининг масъулиятини ошириш мақсад қилинган.
Депутатлар муҳокама давомида қонун лойиҳасининг долзарблиги ва амалий аҳамиятига урғу берди. Улар томонидан бир қатор таклифлар ва аниқлаштирувчи саволлар берилди, ташаббускорлар эса ушбу ҳужжат конституцион кафолатларни амалда таъминлашга хизмат қилишини қайд этди.