Илҳом Ҳайдаров Туркияда Ўзбекистоннинг янги элчиси сифатида иш бошлади

16:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги янги фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳом Ҳайдаров Анқарада фаолиятини бошлади. У Туркия ТИВ расмийларига ишонч ёрлиқлари нусхасини топширди ва икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.

Turkiya elchi

2025 йил 16 июн куни Илҳом Ҳайдаров Ўзбекистоннинг Туркиядаги янги фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида Анқарага етиб келди. Шу куни у Туркия Ташқи ишлар вазирлигининг Протокол департаменти раҳбари, элчи Ахмет Жемил Мираоғлуга ишонч ёрлиқлари нусхасини топширди.

Томонлар ўртасидаги музокараларда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш, халқаро ташкилотлар, жумладан, 21−22 июн кунлари Истанбулда бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 51-сессиясидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, сиёсий маслаҳатлашувлар, ўзаро ташрифлар, маданий-гуманитар ва туризм соҳасидаги лойиҳаларни ривожлантириш, тадбиркорлик доиралари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштиришга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ахмет Жемил элчига дипломатик фаолиятида муваффақият тилаб, DEIK — Туркиянинг ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши билан яқин ҳамкорлик қилишда ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.

Илҳом Ҳайдаров — 56 ёшда. У 2024 йил июлидан буён Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. Илгари Украинада элчи, «Ўзбекенгилсаноат» раҳбари ва Республика иш берувчилар конфедерацияси раиси лавозимларида фаолият юритган. У инглиз ва француз тилларини билади.

У Туркияда 2017−2025 йилларда элчи бўлган ва кейин Сенатнинг халқаро масалалар бўйича қўмитасига раис этиб сайланган Алишер Ағзамхўжаев ўрнини эгаллади.