Тинчликка умид сўнаётир: Исроил Россия воситачилигидан бош тортди

19:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Яқин Шарқда кескинлашиб бораётган вазиятда Россия президенти Владимир Путин Эрон ва Исроил ўртасидаги можарони ҳал қилиш учун воситачилик таклиф этди. Бироқ Исроил бу ташаббусни рад этди.

Peskif 1

Яқин Шарқдаги можарони тўхтатиш бўйича Россиянинг воситачиликка уриниши Исроил томонидан рад этилди. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Исроил ҳозирда тинчлик музокараларига тайёр эмас ва ҳар қандай ташқи воситачиликни инкор қилмоқда.

Песков вазиятни «тез суръатда кескинлашувчи ва мутлақо тахмин қилиб бўлмайдиган» деб баҳолади. Россия президенти Владимир Путин 13 июн куни Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу билан суҳбатда Эрон билан музокаралар учун ўз воситачилигини таклиф қилган. Шу куни Путин Эрон президенти Масъуд Пизишкиён билан ҳам гаплашиб, Исроилга нисбатан кескин танқидий баёнот берган.

14 июн куни эса Путин АҚШ президенти Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилиб, воситачилик таклифини қайта кўтарди. Трамп бу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Бироқ Франция президенти Эммануэл Макрон бу позицияга қарши чиқди. Унинг таъкидлашича, Россиянинг БМТ низомига риоя қилмаслиги уни холис воситачи сифатида қабул қилиш имконини бермайди.

Нетаняҳу эса Исроил Эроннинг ядровий дастури масаласини дипломатик йўл билан ҳал қилишга уриниб кўрганини, аммо энди фақат ҳарбий йўл билан мақсадга етишини айтди. У буни «экзистенциал уруш» деб атади ва Исроил «мақсадга эришиб, душманга ҳалокатли зарба беради», дея баёнот берди.

Трамп ҳам ўз баёнотида Эрондан «тўлиқ таслим бўлиш»ни талаб қилди. Унинг сўзларига кўра, Исроил ҳужумларини тўхтатиш учун Теҳрон ўз уран бойитиш дастуридан воз кечиши шарт. «Эрон ядровий қуролга эга бўлолмайди. Бу жуда оддий», деди Трамп.