«Барселона» ФК кредит рейтинги «барқарор»дан «ижобий»га ўзгарди

20:10 | 3 дақиқада ўқилади.

Morningstar DBRS агентлиги «Барселона»нинг молиявий аҳволини яхшилангани ва кредит мажбуриятларини бажариш қобилияти тасдиқланганини маълум қилди. Бу клубнинг иқтисодий тикланишини расман тан олишдир.

Campnou

Футбол бўйича дунёдаги энг машҳур клублардан бири — «Барселона»нинг кредит рейтинги «барқарор»дан «ижобий»га кўтарилди. Бу ҳақда халқаро рейтинг агентлиги Morningstar DBRS маълум қилди.

Агентлик баёнотига кўра, сўнгги икки мавсумда клубнинг молиявий кўрсаткичлари анча яхшилангаг ва бу тенденция келгусида ҳам давом этиши кутилмоқда.

Бу иқтисодий барқарорлик, хусусан, «Барселона»нинг ўз майдони — Spotify Камп Ноуга қайтиши билан тушунтирилмоқда. Бу стадион клубга янги даромад манбаларини очишга ёрдам бериши кутилмоқда.

Шу билан бирга, харажатларни самарали бошқариш, шунингдек, УЕФА ва Ла Лиганинг барқарорлик доирасидаги назорат механизмлари клубнинг иқтисодий тикланишига хизмат қилгани таъкидланмоқда.

Morningstar DBRS агентлиги дунёдаги энг йирик тўрт рейтинг агентликларидан бири ҳисобланади. У жаҳон бўйича 4 мингдан ортиқ юридик шахс ва 60 мингдан ортиқ молиявий инструментларни баҳолаб келади. Агентлик Канада, АҚШ ва Европада етакчи бозор иштирокчиси ҳисобланади.

Клуб учун бундай рейтинг ўзгариши инвесторлар, ҳомийлар ва молиявий ташкилотлар билан ишлашда ишонч даражасини оширади. Шу тариқа, «Барселона»нинг иқтисодий режалари муваффақиятли амалга ошиш эҳтимоли янада юқори баҳоланмоқда.