Эрдўған: «Миллат сифатида шарманда бўлиб яшагандан кўра ўлишни афзал кўрамиз»

08:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроил-Эрон зиддияти авж олаётган бир пайтда қаттиқ баёнот билан чиқди. У мамлакатнинг ҳарбий салоҳияти сезиларли даражада оширилишини эълон қилди ва Яқин Шарқдаги ҳар қандай хавф-хатарга жавоб беришга тайёр эканини билдирди.

Erdogan

Эрдўған нутқида Туркия энди ортиқча ҳеч қандай таҳдидга чидамаслигини таъкидлаб, «миллий тўхтатувчи куч» тамойилини илгари сурди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат энди қурол-яроғ тизимларини оммавий ишлаб чиқариш босқичига ўтмоқда, бу эса ҳарбий мустақилликни мустаҳкамлайди. «Кан» номли қирувчи самолёт Туркиянинг янги босқичга кўтарилганини рамзий белгиси сифатида келтирилди.

Президент Туркиянинг ўрта ва узоқ масофага отиладиган ракеталар ишлаб чиқариш салоҳияти ҳам кенгаяётганини маълум қилди. Бу нафақат мудофаа, балки ҳудудий сиёсий таъсир нуқтайи назаридан ҳам муҳим омилдир.

Эрдўған, айниқса, Исроилнинг эҳтимолий ҳужумлари нафақат Эронга, балки бутун минтақанинг хавфсизлик тизимига таъсир қилиши ҳақида огоҳлантирди.

«Агар сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан кучли бўлмасангиз, демак, сизда тўхтатувчи куч йўқ, демак, сиз заиф ҳисобланасиз», — дея уқтирди у.

Нутқнинг энг таъсирли қисмида Эрдўған шундай деди: «Миллат сифатида биз шарманда бўлиб яшагандан кўра ўлишни афзал кўрамиз. Ер юзида шарманда бўлиб яшагандан кўра, ер остида шараф билан ётиш афзалроқдир».