Сифатсиз ва қалбаки дори воситаларини ноқонуний савдога чиқарилишининг олди олинди

10:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкент шаҳрида ноқонуний равишда сақланган ва савдога чиқарилган умумий қиймати 4,5 млрд сўмдан ортиқ дори воситалари аниқланди. Уларнинг асосий қисми давлат реестрида қайд этилмаган, сифат сертификатига эга бўлмаган ва ҳатто қалбаки экани маълум қилинди.

Dxx

Олмазор туманида 1949 ва 1979 йилларда туғилган ота-бола яшайдиган хонадон текширувидан сўнг, ертўладан 1 млрд сўмлик 3615 қути дори воситаси топилди. Ушбу дори воситалари, жумладан «Тренакса», «Сумамигрен», «Фемилекс» каби препаратлар ички бозорга ноқонуний олиб кирилиб, водий вилоятларидан арзон нархда харид қилинган ва пойтахтда мижозларга сотилган.

«Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» хулосасига кўра, дори воситалари муқаррар талабларга жавоб бермайди — улар давлат рўйхатидан ўтказилмаган, сифати кафолатланмаган ҳамда махсус сақлаш қоидаларига амал қилинмаган. Бу эса ушбу воситаларни сақлаш ва сотишга бутунлай тақиқ қўйилишини англатади.

Қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 186(3)-моддаси 3-қисми «а» банди бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, тезкор тадбир доирасида Тошкентдаги дорихоналардан бирида 57407 дона ноқонуний дори воситалари, 835 дона бўш қутилар ва дори тайёрлаш ускунаси аниқланди. Умумий қиймати 3,5 млрд сўмга тенг деб баҳоланган ушбу воситаларнинг 160 тури реестрда йўқ, 274 турига сертификат расмийлаштирилмаган, 50 тури эса яроқсиз ва 7 тури қалбаки экани аниқланган.

Ҳолат юзасидан дорихона масъуллари ва бошқа шахсларга нисбатан ҳам жиноий иш қўзғатилди.