Ғазода инсонпарварлик ёрдами олишга келган 70 нафар фаластинлик ўлдирилди

14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Хан Юнус шаҳрида Исроил ҳарбийларининг олиб борган зарбалари оқибатида камида 70 фаластинлик ҳалок бўлди. Бу Ғазодаги ёрдам тарқатиш нуқталаридаги энг қонли кун сифатида қайд этилди.

G'azo

17 июн куни Исроил армияси томонидан Ғазо секторидаги Хон Юнус шаҳрида ёрдам кутаётган фуқароларга нисбатан амалга оширилган ўқ узишлар натижасида камида 70 киши ҳалок бўлди. Яраланганлар сони 200 нафардан ортиқ экани маълум қилинди.

Гуноҳсиз фуқаролар асосий шарқий йўл бўйлаб ун ва озиқ-овқат олиш умиди билан йиғилган пайтда, уларга дрон, пулемёт ва танк ўқлари билан зарба берилган. Ғазо Фавқулодда вазиятлар хизмати вакилларининг таъкидлашича, бу фожиа айниқса нон ва ун учун навбатда турган одамлар ўртасида юз берган.

Al-Jazeera телеканали мухбирининг гувоҳларга таяниб билдиришича, Исроил дронлари ва танклари томонидан амалга оширилган зарбалар «ҳеч қандай огоҳлантиришсиз» амалга оширилган. Уларга кўра, одамлар оддий озиқ-овқат учун ҳаётларини хавф остига қўймоқда.

Ғазодаги Насир шифохонасида жабрланганлар кўпчилиги оғир аҳволда бўлиб, қурбонлар сони яна ошиб кетиши мумкинлиги айтилмоқда. Душанба куни ҳам шундай ҳужумда 38 киши ҳалок бўлган эди.

Исроил ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган Ғазо Ҳуманитар Фонди (GHF) 26 майдан бери ёрдам тарқатаётган пайтда бу каби ҳодисалар тўхтовсиз амалга ошмоқда. Расмий маълумотларга кўра, жамғарма ёрдамини олиш жараёнида ҳозиргача 300 дан ортиқ фуқаро ҳалок бўлган, 2000 нафардан ортиқ киши жароҳат олган.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш охирги ҳалокатлардан сўнг жавобгарликни таъминлашга чақирди. Ню Йоркдаги БМТ қароргоҳида унинг матбуот котиби орқали қилинган баёнотда: «Одамлар озиқ-овқат излаб ёрдам нуқталарида ўққа тутилмоқда. Бу ҳалокатлар учун жавобгарлар аниқланиши керак», – дейилди.