Эрон: Исроил осмони устидан тўлиқ назорат ўрнатдик

14:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Эрон Ислом Инқилоби қўриқчилари корпуси Исроилга қарши амалга оширилган ракетали ҳужум пайтида «оккупация қилинган ерлар» — Исроил осмони устидан тўлиқ назорат ўрнатилганини эълон қилди. АҚШ президенти Трамп эса Теҳронни таслим бўлишга чақирди.

Isroil

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (IIҚК) матбуот хизмати маълум қилишича, Исроилга қарши 17 июн куни амалга оширилган тунги ракетали ҳужум пайтида Эрон ҳарбийлари Исроил осмони устидан тўлиқ назорат ўрнатган. Бу ҳақда Mehr агентлиги хабар берди.

«Олиб борилган ракетали амалиётимиз Исроил осмони устидан тўлиқ назорат ўрнатганимизни ва у ердаги аҳоли Эрон зарбаларидан ҳимоясиз эканини намоён этди», – дейилади IIҚК баёнотида.

Корпус янги, биринчи авлодга мансуб «Фаттоҳ» туркумидаги манёврли ва кучли ракеталардан фойдаланган. Байонотда қайд этилишича, бу ракеталар Исроилнинг ҳаво мудофаа тизимини четлаб ўтиб, Тел-Авивни бир неча бор ларзага солган.

АҚШ президенти Доналд Трамп эса 17 июн куни Эрон устидан тўлиқ назорат ўрнатилганини таъкидлаб, Теҳронни таслим бўлишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Эрондаги кузатув воситалари ва ҳимоя қурилмалари Америка технологиялари билан таққослаганда арзимас ҳисобланади.

Исроил армияси 13 июн куни Эронга қарши операция бошлаганини эълон қилган. Расмий Тел-Авивнинг таъкидлашича, амалиётнинг асосий мақсади — Теҳроннинг ядровий дастурини бартараф этиш.

Эрон эса жавобан Исроил шаҳарларига дрон ва ракеталар билан зарба берди. Исроилда камида 24 киши ҳалок бўлган, юзлаб одамлар жароҳатланган. Эрон томонидаги қурбонлар сони эса 270 нафардан ошгани маълум қилинган.