Ҳўрмуз бўғози нимаси билан муҳим? Эрон уни ёпиб қўя оладими ва ёпса ким энг кўп жабр кўради?

15:00 | 19 дақиқада ўқилади.

Исроил ва Эрон ўртасидаги ракетали зарбалар алмашинуви Эрон томонидан Ҳўрмуз бўғозини ёпиб қўйиш эҳтимоли бўйича хавотирларни кучайтирди. Бу бўғоз — дунёда нефт ташуви учун асосий «тор йўлак» ҳисобланади.

Hormoz

Дунёда ишлаб чиқариладиган нефт хомашёси миқдорининг тахминан бешдан бир қисми айнан шу бўғоз орқали ташилади. Унинг энг тор жойидаги кенглиги атиги 40 километрни ташкил этади.

Эрон ҳарбий-денгиз кучлари қўмондонининг сўзларига кўра, мамлакат бўғозни ёпиш имкониятини кўриб чиқиши мумкин.

Британиянинг MI6 махсус хизматининг собиқ раҳбари сэр Алекс Янгер душанба куни BBC’га берган интервюсида энг ёмон сценарийда бўғозни тўлиқ тўсиб қўйиш эҳтимоли мавжуд, деди.

«Бўғозни ёпиш, шубҳасиз, нефт нархларига таъсирини ҳисобга олган ҳолда, улкан иқтисодий муаммога айланади», — дейди Янгер.

BBC бу борадаги айрим саволларга жавоб излади.

Ҳўрмуз бўғози қанчалик тор?

Ҳўрмуз бўғози Эрон ва Уммонни ажратиб туради. Кириш ва чиқиш қисмларида у тахминан 50 км кенгликка эга, энг тор қисми (ўртасидаги жойи) тахминан 40 км кенгликни ташкил қилади. Шу билан бирга, у фақат марказий қисмида йирик кемалар учун етарлича чуқур ҳисобланади.

Hurmuz1

Денгиз навигация хариталаридан кирувчи ва чиқувчи хавфсиз йўллар, шунингдек улар орасидаги буфер зонасини кўриш мумкин — буларнинг барчаси оғир нефт танкерлари учун махсус белгиланган. Умумий ҳисобда йирик кемалар атиги тахминан 10 км кенгликдаги канал орқали ҳаракатланиши керак бўлади.

Форс кўрфазига йўналган танкерлар Эрон ва араб давлатлари ўртасида тортишув мавжуд бўлган катта ва кичик Тумб оролларига яқинлашади.

Кўплаб мутахассислар фикрича, ҳарбий ҳаракатлар денгиз юк ташуви бузилишига олиб келадиган энг эҳтимолий сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳолат 1980–1988 йиллардаги Эрон-Ироқ уруши пайтида аллақачон содир бўлган.

 

«Тийиб туриш воситаси»

Таҳлилчиларнинг фикрича, Эрон учун Ҳўрмуз бўғозини ёпиш ядровий қуролга эга бўлишга ўхшаш «тийиб туриш воситаси» сифатида кўрилади.

Халқаро ҳамжамият Эроннинг ҳарбий ядровий дастурига қарши чиқиб келаётган бўлса, худди шундай йирик давлатлар ҳам бир неча бор Теҳроннинг ўз стратегик географик жойлашувидан халқаро энергия бозорига хомашё етказиб беришни тўсиш учун фойдаланишига йўл қўймаслигини билдиришган.

Экспертлар тез-тез Эрон Ҳўрмуз бўғозини вақтинча ёпиши мумкинлигини башорат қилишади. Бироқ уларнинг кўпчилиги ишонч билан таъкидлайдики, АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳарбий воситалар орқали денгиз юк ташувини тезда тиклай олишади.

 

Эрон Ҳўрмуз бўғозини қандай қилиб ёпа олади?

АҚШ Конгресси Ҳисобот-таҳлил хизмати томонидан 2012 йилда эълон қилинган ҳисоботда Эроннинг Ҳўрмуз бўғозини босқичма-босқич ёпиши мумкинлиги тахмин қилинган. У ерда қуйидаги ҳаракатлар кетма-кетлиги эҳтимол сифатида келтирилади:

  • Ҳўрмуз бўғозида денгизда юк ташиш тақиқланиши эълон қилиниши, бироқ бу талаб бузилган тақдирда қандай оқибатлар бўлиши аниқ айтилмаслиги;
  • Бўғоздан ўтаётган кемалар текширув ёки ушлаб туришга дуч келиши мумкинлиги ҳақида баёнот берилиши;
  • Кемаларга нисбатан огоҳлантирувчи ўқ узишлар;
  • Айрим кемаларга нисбатан ҳарбий куч қўлланилиши;
  • Бўғоз ва Форс кўрфази сувларида денгиз минаси ўрнатилиши;
  • Савдо ва ҳарбий кемаларга зарба бериш учун сув ости кемалари ҳамда ракета воситаларидан фойдаланиш.

Эрон-Ироқ уруши пайтида Эрон Silkworm туркумига мансуб ракеталардан нефт танкерларига қарши фойдаланган ҳамда Форс кўрфазидаги сувларга миналар ўрнатган эди.

Шундай миналардан бири АҚШ ҳарбий кемаси Samuel B. Roberts’га шикаст етказган ва бу АҚШ томонидан ҳарбий жавоб чоралари кўрилишига сабаб бўлган.

Эрон ўшанда Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ ёпиб қўйишнинг иложини вила олмаган, бироқ унинг ҳаракатлари ушбу ҳудуддаги кемалар учун суғурта харажатларини анча оширган ва Форс кўрфазидан чиқишда харажатли тўсқинликларга олиб келган.

 

Эроннинг ҳарбий имкониятлари

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) қўмондони, генерал-майор Ҳуссайн Саломий Исроилнинг Теҳронга авиазарбалари оқибатида ҳалок бўлишидан икки кун олдин у Ҳўрмуз бўғозида жойлаштирилган ҳарбий-денгиз бўлинмаларига ташриф буюрган эди.

У Форс кўрфази ва унга туташ ҳудудларни Ислом Республикасининг энг муҳим мудофаа зоналаридан бири деб атаган эди.

Хусусан, у 10 километр масофани уч дақиқадан кам вақтда босиб ўта оладиган юқори тезликка эга ракета катерларига ишора қилган.

Саломийнинг сўзларига кўра, мазкур тез ҳаракатланувчи жанговар катерлар, оғирроқ ҳарбий кемалар ва ракеталар мудофаавий амалиётларда ишлатилиши мўлжалланган. У шунингдек кемаларга қарши мўлжалланган денгиз минасини «денгиз урушидаги энг ҳал қилувчи қурол турларидан бири» сифатида таърифлаган.

Саломий ўз баёнотида денгиз дронлари арсенали масофа, имконият ва вазифалар хилма-хиллиги жиҳатдан кенгайганини ҳам эълон қилган эди.

 

Таҳлилчилар нима деб башорат қилишмоқда?

Мутахассислар тахмин қилишича, ҳар ойда ушбу йўналиш орқали ҳаракатланадиган тахминан 3 мингта кемани тўхтатишнинг Эрон қўллай оладиган энг самарали усулларидан бири — бу Ҳўрмуз бўғозини тез ҳаракатланувчи жанговар катерлар ва сув ости кемалари ёрдамида миналаштириш бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, Эрон флоти ва ИИМКнинг ҳарбий-денгиз кучлари хорижий ҳарбий кемалар ёки савдо кемаларига ҳужум қилиш салоҳиятига ҳам эга. Бироқ, йирик ҳарбий кемаларнинг ўзи ҳам Исроил ёки АҚШ авиация зарбалари учун осон нишонга айланиши мумкин.

Эроннинг тез ҳаракатланувчи катерлари кўпинча кемаларга қарши ракеталар билан қуроллантирилган. Мамлакатда, шунингдек, турли туман сувусти кемалари, ярим ғарқ бўлувчи қурилмалар ва сувости кемалари ҳам мавжуд.

Айни пайтда сунъий йўлдош тасвирларидан фойдаланувчи денгиз ҳаракати кузатуви сайтлари Эроннинг жанубий денгиз чегараларида ҳарбий кемалар ҳаракатини қайд этмоқда.

 

Ҳўрмуз бўғози ёпилса, қайси мамлакатлар энг кўп жабр кўради?

Vortexa таҳлил компаниясининг тадқиқотлари кўрсатишича, Саудия Арабистони Ҳўрмуз бўғози орқали кунига тахминан 6 миллион баррель нефт хомашёси экспорт қилади — бу кўрсаткич бўйича минтақадаги барча қўшни давлатлардан юқори.

Ҳўрмуз бўғози орқали ўтадиган нефт маҳсулотларининг энг йирик истеъмолчиларидан бири — Хитой.

Бу нефт ҳажмининг катта қисми Эрон томонидан жаҳон бозори нархидан арзонроқ сотилади, бу эса АҚШнинг қаттиқ санкцияларига дош беришда Теҳрон учун ҳаётий иқтисодий кўмак манбаидир.

Хитой бу муҳим энергетика йўлагининг ёпилишининг олдини олиш учун ўзининг барча дипломатик имкониятларини ишга солади.

Бундан ташқари, Ҳўрмуз бўғози орқали ўтадиган нефтнинг энг йирик импортчилари — Ҳиндистон, Япония ва Жанубий Корея ҳисобланади.

EIA маълумотларига кўра, АҚШ ушбу бўғоз орқали кунига тахминан 700 минг баррел нефт хомашёси ва конденсат (одатда табиий газ билан бирга учрайдиган паст зичликка эга суюқ углеводородлар) импорт қилади — бу АҚШ умумий нефт импортининг тахминан 11 фоизи ва бензин истеъмолининг 3 фоизини ташкил этади.

Европа мамлакатларининг ушбу бўғоз орқали ташиладиган нефт ҳажмидаги улуши тахминан кунига 1 млн баррелдан камроқни ташкил этади.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, Ҳўрмуз бўғозининг эҳтимолий ёпилиши оқибатида араб ва Осиё давлатлари АҚШ ёки Европа давлатларига қараганда кўпроқ иқтисодий йўқотишларга учраши мумкин, дейиш мумкин. Шу билан бирга, айрим Осиё мамлакатлари Эрон билан яхши ёки ҳатто яқин муносабатларни сақлаб келмоқда.

 

Муқобил йўналишлар қамални бартараф қила оладими?

Ҳўрмуз бўғозининг ёпилишига оид доимий таҳдид сўнгги йиллар давомида кўпгина нефт экспорт қилувчи мамлакатларни халқаро бозорга чиқиш учун муқобил йўналишларни ривожлантиришга ундади.

EIA (АҚШ Энергетика ахборот бошқармаси) ҳисоботига кўра, Саудия Арабистони 1200 километрлик «Шарқ–Ғарб» нефт қувурини ишга туширган, у кунига 5 миллион баррель нефт ҳомашёсини ҳайдаш салоҳиятига эга.

Бундан ташқари, 2019 йилда подшоҳлик газ қувурини вақтинчалик равишда нефт хомашёсини ташиш учун қайта мослаштирган.

БАА ўзининг ички нефт конларини Уммон кўрфазида жойлашган Фужайра порти билан бирлаштирди. Бу линия кунига 1,5 млн баррель нефт ўтказиш имкониятига эга.

2021 йил июль ойида Эрон «Гўре–Жаск» нефть қувурини фойдаланишга топширди. У нефт хомашёсини Уммон кўрфазига ҳайдаш учун мўлжалланган. Ҳозирда ушбу қувур орқали кунига тахминан 350 минг баррел нефт ҳайдалиши мумкин. Бироқ, айрим манбаларга кўра, Эрон бу қувурдан амалда ҳали фойдалана бошламаган.

EIA баҳолашича, бу муқобил йўналишлар жами бўлиб кунига тахминан 3,5 млн баррель нефт ташиши мумкин. Бу эса ҳозирги пайтда Ҳўрмуз бўғози орқали ташилаётган нефт хомашёси ҳажмининг тахминан 15 фоизига тўғри келади.

 

BBC муҳаррири шарҳи

Исроилнинг Эронга ҳужуми нефт нархларининг кескин ошишига олиб келди. Сешанба куни эрталаб Brent маркасининг бир баррели 74 доллар атрофида савдолашди. Ҳолбуки, 12 июн куни Brent баррели 70 доллардан ҳам арзонроқ эди — тахминан апрел ойи бошидан буён нархлар пасаяётган эди.

Шу маънода бу ҳужум бозор учун ҳақиқий шокка айланди. Бироқ нархлар кўтарилиши қанчагача давом этиши ҳозирча ноаниқ. Агар гап Ҳўрмуз бўғозининг ёпилишигача бориб етса, нарх ошиши узоқроқ ва анча кескин бўлиши мумкин. Агар эса зиддият пасайишга юз тутса, унда нархлар яна пасаяди, дейди BBC рус хизмати иқтисодиёт бўлими муҳаррири Олга Шамина.

Нарх ошишига қарши ҳаракат қилувчи бошқа омиллар ҳам бор, масалан, OPEC мамлакатлари томонидан нефт таклифининг кўпайиши ва АҚШ президенти Доналд Трамп бошлаган савдо урушлари — булар жаҳон иқтисодиёти ўсишини сезиларли даражада секинлаштириш эҳтимолига эга, бу эса бензин ва бошқа нефт маҳсулотларига бўлган талабга таъсир қилади.

Нефт нархларининг ўсишидан Россия бюджети фойда кўриши мумкин. Аммо бу учун нефт нархлари узоқ муддат давомида юқори бўлиши керак. Нархларнинг бироз қўзғалиши ва кейинги пасайиши бюджетга умумий ҳисобда катта таъсир қилмайди.

Россиянинг Urals маркасининг нархи Brent’га нисбатан тахминан 10 долларга арзонроқ. Бу йил Россия бюджети унчалик яхши ҳолатда эмас: Дастлаб у нефт нархлари юқорироқ бўлади, деб режалаштирилган эди. Молия вазирлиги бу йилги Urals бўйича прогнозини 56 долларгача тушириб бўлди. Россия иқтисодиёти секинлашмоқда — демак, солиқ тушумлари ҳам камаяди.

Агар нефт нархлари режадан юқори бўлса, Россия ҳукумати бюджет танқислигини анча паст даражада ушлаб қолишга муваффақ бўлади. Лекин агар нархлар яна тушса, ҳозирча Россияда жиддий бюджет муаммолари кузатилмайди: ҳукуматда ҳамон бюджетдаги туйнукларни ёпиш учун етарли захиралар мавжуд.