Исроилнинг «Детали» нашри ёзишича, 2024 йил ноябрида Исроил мудофаа вазирлиги Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий операция тайёрлашга киришган. Мақсад — Эроннинг ядровий дастурини сезиларли даражада издан чиқариш бўлган.
Операцияда асосий вазифа сифатида Эрон ҳарбий раҳбарияти, ракеталар омборлари, дронлар базалари ва ядровий марказларга зарба бериш белгиланган. Ушбу мақсадда ҳарбий разведка ва ҳарбий ҳаво кучларининг юқори лавозимли офицерлари иштирокида бир неча бор йиғилишлар ўтказилган.
Операцияни режалаштиришда Исроилнинг махсус 8200-разведка бўлимидаги 120 нафар офицер қатнашган. Улар февралга келиб бир вақтнинг ўзида бир нечта стратегик вазифани амалга ошириш зарурлигини тушуниб етишган. Март ойига келиб операция тўлиқ шаклланган ва унга «Қизил тўй» номи берилган.
Режага кўра, Исроил ҳарбий ҳаво кучлари 1500 км масофада хавфсиз ҳаво йўлагини таъминлаб, Эрон ҳарбий қўмондонларини аниқ координатлар асосида йўқ қилишга киришган. Ушбу ҳаракатда 200 дан ортиқ жанговар учоқ 100 га яқин нишонга зарба берган. Ҳар бир эскадриляга муайян ҳудуддаги генералларни йўқ қилиш вазифаси юклатилган.
12 дақиқа ичида Эрондаги 10 нафар юқори лавозимли ҳарбий раҳбар йўқ қилинган. Улар орасида Эрон Қуролли Кучлари бош штаби бошлиғи Муҳаммад Ҳуссайн Боқирий, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Ҳуссайн Саломий ва марказий штаб раҳбари Али Рашид ҳам бор. Урушнинг дастлабки соатларидаёқ Эрон ҳарбий тизимида раҳбарлик бўшлиғи юзага келган ва мудофаа ҳаракатлари тўлиқ фалаж ҳолатга тушган.