Географик кўрсаткич — маҳсулот ёки ҳунармандчилик буюми муайян ҳудудда ишлаб чиқарилаётганини, ўша жойга хос сифат ва анъаналарга эгалигини тасдиқловчи расмий белгидир. Мазкур мақом маҳсулотни қонунан ҳимоя қилиш, унинг брендини мустаҳкамлаш ва сифатини сақлашга хизмат қилади.
«Сўқоқ сомса» Паркент туманидаги Сўқоқ қишлоғида тайёрланади ва у алоҳида турдаги хамир ҳамда фақат шу ҳудудда ўсадиган мадор (тош исмалоқ) ўсимлиги билан тайёрланиши билан ажралиб туради. Эндиликда мазкур таомнинг ўзига хос хусусиятлари давлат томонидан ҳимоя қилинади, деб ёзади (https://t.me/adliyaimd/7108) агентлик.
Шу билан бирга, андижонча дўппи ҳам географик кўрсаткич мақомини олди. Бу дўппи оригинал шакли, нозик кашталари ва юқори сифатли матоси билан танилган бўлиб, у минтақанинг анъанавий ҳунармандчилик санъатини ифодалайди.
Аввалроқ «Ғузор тандир гўшти», «Чуст пичоғи», «Самарқанд нонлари» ва «Тухум барак» каби миллий маҳсулотлар ҳам географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилган эди. 2023 йилда эса Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида «Ғиждувон шашлиги» шундай мақомни олгани эълон қилинган.
2022 йилда қабул қилинган «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги қонунга кўра, маҳсулотнинг хос хусусиятлари унинг географик келиб чиқиши билан боғлиқ бўлса, у ҳолда белгиланган ҳудудда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотни рўйхатдан ўтказиш мумкин.
Бунда товарнинг камида битта ишлаб чиқариш босқичи шу ҳудудда амалга оширилиши шарт ҳисобланади. Географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқи фақат белгиланган ҳудудда ишлаб чиқарувчиларга берилади. Уларни халқаро даражада ҳам рўйхатдан ўтказиш мумкин.