Ўзбекистон дунёдаги барча томонлар билан дўстлик ва сармоя излаш сиёсатида — CNN таҳлили

18:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Таниқли халқаро таҳлилчи Ричард Квестга кўра, геосиёсий ўйин марказида жойлашган Ўзбекистон мувозанатни сақлашга интилган ҳолда барча томонлар билан дўстона муносабат ўрнатмоқда. У мамлакат ташқи сиёсатини «ҳеч кимга қарши эмас, барча билан дўст» деб таърифлайди. 

Richard

Ўзбекистон АҚШ, Хитой ва Россиянинг глобал сиёсий қарорлари таъсирини бевосита ҳис этади. Масалан, АҚШ билан тўғридан-тўғри савдо чекланган бўлса-да, дунё иқтисодиётидаги беқарорлик Ўзбекистонга ҳам таъсир ўтказиши мумкин. Доналд Трамп бошлаган савдо уруши ва глобал пасайиш эҳтимоли бу хавфни кучайтирмоқда.

Россия билан муносабатлар тарихан яқин бўлса-да, Украина уруши фонида икки давлат ўртасидаги алоқаларда эҳтиёткорлик кузатилади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Москвадаги Ғалаба парадида қатнашиши сиёсий рамз сифатида кўрилади. Шунга қарамай, Россиянинг Украинага қарши уруш ҳаракатлари ҳали ҳам мураккаб дипломатик муаммо бўлиб қолмоқда.

Хитой эса Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкоридир. Икки мамлакат стратегик шериклик даражасига кўтарилган муносабатларни ривожлантирмоқда. Аммо Квест таъкидлаганидек, мамлакат ичида Хитой компанияларининг фаолиятига шубҳа билан қараётган фуқаролар ҳам йўқ эмас.

Квест Самарқанддаги Регистон майдонини Ўзбекистон ташқи сиёсатининг рамзи сифатида кўрсатади. Унга кўра, Ипак йўли давридан буён ғоялар ва савдолар кесишган бу майдон, бугун дунё билан дўстлик ва турли манбалардан сармоя жалб қилиш сиёсатининг ифодасига айланган.