Facebook энди барча видеоларни Reels форматида жойлаштиради

18:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Facebook платформасида фойдаланувчилар томонидан юкланадиган барча видеолар эндиликда автоматик тарзда Reels форматида жойлаштирилади. Бу ҳақда компания расмий блогида маълум қилди. Янги тартиб кейинги ойларда босқичма-босқич дунё бўйлаб жорий этилади.

Meta ffacebook

Аввалроқ фойдаланувчилар видео ёки Reels форматини танлаб юклашлари мумкин эди. Янги тизимда эса ушбу танлов бекор қилиниб, видео автоматик равишда Reels сифатида намойиш этилади. Шу билан бирга, Facebook’нинг «Video» саҳифаси ҳам «Reelsлар» деб қайта номланади.

Компания билдиришича, ушбу янгиланиш фойдаланувчига тавсия этиладиган видеолар алгоритмига таъсир қилмайди. Reels формати учун узунлик ва формат бўйича чекловлар ҳам олиб ташланади — бу аввал 90 сония билан чекланган эди.

Meta’нинг бу қадами Instagram’да 2022 йилдан бошлаб қўлланаётган услубга ўхшайди. Унда 15 дақиқадан қисқа видеолар автоматик тарзда reels’га айлантирила бошланган эди.

Facebook янги форматни жорий этиш билан ижодий жараённи соддалаштириш, видео алмашиш имкониятларини кенгайтириш ва фойдаланувчига аудиторияни бошқариш имконини беришни мақсад қилган. Эндиликда фойдаланувчи видео юклар экан, уни кимлар кўриши мумкинлигини белгилай олади: барча, фақат дўстлар ёки белгиланган гуруҳ.

Шу тариқа, Facebook барча турдаги видеолар учун ягона платформа сифатида қолади: Reels, узоқ видеолар ёки тўғридан-тўғри эфирлар.